Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда тадбиркорликни янада ривожлантириш истиқболлари сенаторлар иштирокида муҳокама этилди

7 сентябрь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

  Кенгаш раиси, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов бошқарган йиғилиш видеоконференцалоқа шаклида ўтказилди.

  Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

  Мажлисда парламент ишчи гуруҳи томонидан вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева мамлакатимизда Президентимиз томонидан тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, соҳа субъектлари учун кенг имконият ва имтиёзлар берилаётганини таъкидлади.

  – Кейинги уч йилда тадбиркорликни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базаси мустаҳкамланиб, ушбу соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 50 дан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинди, – деди Т.Норбоева. – Соҳа ривожига тўсиқ бўлувчи кўплаб омиллар бартараф этилди. Тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашиш ва текширишларга чек қўйилди. Ҳудудларда тадбиркорлар мурожаатларини қабул қилиш, ҳал этишга кўмаклашадиган Бош вазир қабулхоналари ва Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ташкил этилди. “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” дастурлари асосида аҳолига имтиёзли кредит маблағлари ажратиш йўлга қўйилди. Бу каби саъй-ҳаракатлар туфайли жорий йилнинг ўзида мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари сони 60 мингтага кўпайиб, жами 325 мингдан ортиқни ташкил этмоқда. Шу билан бирга ҳали соҳада ечимини кутаётган масалалар, тадбиркорларнинг самарали ишлашига халақит бераётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Шунинг учун Олий Мажлис Сенати жойларга чиқиб, ушбу йўналишдаги ишларни ўрганиб, ўрганиш натижалари маҳаллий кенгашларда муҳокама этилмоқда.

  Шундан сўнг, Олий Мажлис Сенатининг Самарқанд вилоятида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалаларини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ раҳбари, Сенатнинг фан, таълим, маданият ва спорт масалалари бўйича қўмитаси раиси З.Низомхўжаев ўрганиш якунлари бўйича ахборот берди.

  Маърузада таъкидланишича, бугунги кунда вилоятда 50 минг 800 га яқин кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари мавжуд. Уларнинг 21 минг 370 таси юридик шахс мақомига эга бўлса, 29 минг 400 дан ортиғини якка тартибдаги тадбиркорлар ташкил этади.

  Вилоятда 2019-2020 йилларда янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари сонини камида икки баробарга ошириш белгиланган. Жумладан, жорий йил якунига қадар 10 минг 100 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, йилнинг ўтган даврида 5955 та янги тадбиркорлик субъекти фаолият бошлаган.

  Ҳозирги кунда иш билан банд бўлган аҳолининг асосий қисми, яъни 85 минг 240 нафари айнан кичик бизнес субъектларида меҳнат қилиб келмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида кичик бизнес субеъктлари томонидан 9 минг 851 та янги иш ўринлари яратилган.

  Жорий йилнинг 1 август ҳолатига барча йўналишлар бўйича тижорат банклари томонидан 4 триллион 103 миллиард сўм, жумладан кичик бизнес субъектларига 2 триллион 903 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилган.

  Вилоятда 2019–2020 йилларга мўлжалланган ҳудудий инвестиция дастури доирасида жами 14,4 триллион сўмлик 982 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган бўлиб, ҳозирда 812 та лойиҳа бўйича тижорат банклари ва лойиҳа ташаббускорларининг 4,7 триллион сўмлик маблағи ўзлаштирилган. Бугунги кунда 487 та лойиҳа ишга тушиб, 8 мингга яқин янги иш ўрни яратилган.

2019-2021 йилларда вилоятда саноат йўналишида 10 триллион 754 миллиард сўмга тенг бўлган 207 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Жумладан, 1 триллион 349 миллиард сўмлик 21 та лойиҳа “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида, 277,2 миллиард сўмлик 21 та лойиҳа вилоятдаги кичик саноат зоналари ҳудудида жойлаштирилиши кўзда тутилган.

  Тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш мақсадида тегишли дастурлар доирасида жисмоний ва юридик шахсларга жами 411,2 миллиард сўм миқдорида имтиёзли банк кредитлари ажратилди.

  Хусусан, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 344,7 миллиард сўм, фермер, деҳқон ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 4,7 миллиард сўм, ҳунармандчиликни ривожлантиришга 22,1 миллиард сўм, бандликка кўмаклашиш жамғармасидан 5,4 миллиард сўм ва “Ёшлар - келажагимиз” дастури доирасида 23,7 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди.

  Вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошириш кўп жиҳатдан эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятига ҳам боғлиқ. Бугунги кунда вилоятдаги “Ургут” эркин иқтисодий зонасида 58 инвестор томонидан умумий қиймати 226 миллион АҚШ долларига тенг 65 та лойиҳани амалга ошириш устида иш олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳалар тўлиқ ишга туширилиши ҳисобига 4423 та янги иш ўринлари яратилиши, 347,6 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва 44 миллион долларлик экспорт амалга оширилиши белгиланган.

  Айни пайтда вилоятнинг 14 ҳудудида 115,8 гектар ер майдонида 19 та кичик саноат зонаси ташкил этилган. Уларда инвестиция миқдори 67,1 миллион АҚШ долларига тенг 96 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ҳозиргача 32 та лойиҳа ишга туширилиб, 742 та янги иш ўрни яратилди.

  Сессияда тадбиркорлик йўналишига масъул вазирлик ва тузилмаларнинг ҳудудлардаги бошқарма ва бўлимлари ҳудуд манфаатларини республика даражасида илгари суришга етарлича эътибор қаратмаётганлиги алоҳида таъкидланди. Улар аксарият ҳолларда кунлик масалалар, жумладан, ҳисобот ва жадваллар тўлдириш билан оввора бўлиб, мавжуд тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий таклиф ва ташаббуслар кўрсатмаётганлиги танқид остига олинди.

  Шунингдек, бу борада маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳам фаол бўлиши, ўз фаолиятида тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиши, уларнинг муаммолари асосида тегишли тузилмаларга қатъий депутатлик сўровлари билан чиқиши, кичик бизнес ривожига тўсиқ бўлаётган ҳар қандай муаммо ва аниқланган қонунбузилиши ҳолатларига нисбатан биринчилардан бўлиб муносабат билдиришлари зарурлиги таъкидланди.

  Сессияда камчиликларни бартараф этиш юзасидан вилоят ташкилотларини жалб қилган ҳолда вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган аниқ чораларни белгилаш ҳамда уларнинг ўз вақтида ижро этилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатиш зарурлиги қайд этилди. Хусусан, масъул тузилмаларни жалб қилган ҳолда фаолияти тўхтаб қолган тадбиркорлик субъектларининг аниқ рўйхатини шакллантириб, келгусида улар ишини қайта йўлга қўйиш ёки қонунчиликда белгиланган тартибда тугатиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги айтиб ўтилди.

  Мажлис давомида тадбиркорлар ўзларини ўйлантираётган масалалар юзасидан мутасаддиларга мурожаат қилиб, жавоб олди. Бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

  Сессияда муҳокама этилган масала юзасидан халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг қарори қабул қилинди.