Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда вакциналарни сифатли сақловчи иншоот фойдаланишга топширилди

Бугун Самарқандда вакциналарни сақлаш учун замонавий омборхона ишга тушди. Ушбу объектнинг очилиш маросимида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, республика ва вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ходимлари иштирок этди.

- ЮНИСЕФ лойиҳаси асосида Ўзбекистондаги барча вилоятларда бу каби совуқлик занжири иншоотлари қурилиб фойдаланишга топширилмоқда, - деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари Суфанг Гуо. – Аҳоли сони кўпайгани сари ҳар бир ҳудудда вакциналарни сифатли сақлаш муҳим аҳамиятга эга. Мазкур омборхонада бир ёшгача бўлган 88 мингдан зиёд болаларни эмлаш учун мўлжалланган вакциналарни сақлаш имкони бор. Электр энергиясидаги вақтинча узилиш бўлган тақдирда ҳам ушбу омборхонадаги вакциналарни 8-10 соатга қадар сифатли сақлаш мумкин. Лойиҳамиз давомида мамлакат бўйича 21 та совуқлик занжири объектларини қуриш ва уларни зарур ускуналар билан таъминлаш режалаштирилган. Ҳозирга қадар вилоятларда, кейинчалик аҳолиси кўп туманларда, жумладан, Ургутда ҳам шундай вакцина омбори қуриш ниятидамиз.

Айтиш керакки, дунё миқёсида вакциналар ёрдамида 5 ёшгача бўлган 3 миллион болани ўлим хавфидан асраб қолиш мумкин. Иммунизация келгуси авлодлар учун аҳоли соғлигини сақлашга қаратилган энг муваффақиятли ва иқтисодий жиҳатдан фойдали инвестициялардан биридир.

Маросимда вилоят ҳокими ўринбосари Р.Қобилов иштирок этди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.