Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанддаги моддий маданий мерос объектлари қандай асралмоқда?

Foto: gazeta.uz

Самарқанд вилоятида 1607 та моддий маданий мерос объектлари рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 973 таси археология, 562 таси архитектура объектлари, 36 таси монументал санъат асарлари, 34 таси диққатга сазовор жойларни ташкил этади.

Улардан 1011 таси республика, 596 таси маҳаллий аҳамиятдаги объектлар ҳисобланади.

Архитектура объектларининг 72 таси жоме масжиди, 5 таси черков сифатида фойдаланилмоқда ва моддий маданий мерос объектларининг 1386 таси давлат, 221 таси шахсий мулкдаги турар-жой бинолари ҳисобланади.

Мазкур объектларни муҳофаза қилиш борасида жорий йилда бир қатор амалий ишлар бажарилди. Хусусан, моддий маданий мерос объектлари (архитектура ёдгорликлари, монументал санъат ёдгорликлари, диққатга сазовор жойлар) муҳофазаси соҳасида рўйхатга олинган 634 та моддий маданий мерос объектларнинг барчаси “Маданий мерос объектларининг электрон портали”га, 595 таси “Давлат кадастри Ягона тизими”га киритилди. 239 та маданий мерос объектларига муҳофаза белгилари, оммавий ташриф буюриладиган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк  объектларининг 13 тасида WI-FI ва QR-кодлар, 50 та объектда аудиогидлар ҳамда сайёҳлар ва аҳолининг киришини электрон ҳисобга олиш учун 25 та замонавий турникетлар ўрнатилиб, барча моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объектларига жамоатчи  инспекторлар бириктирилди.

Археология мероси объектлари  муҳофазаси соҳасида 2 та археология ёдгорликлари топилганлиги сабабли уларни муҳофаза қилиш чоралари  кўрилди. 5 та археологик тадқиқотлар ўтказилиши натижасида топилган 20 та археология ашёлари Самарқанд археология институти ҳамда музейларга сақлаш учун топширилиши бўйича назорат ўрнатилди.

Шунингдек, 23 ҳолатда маданий мерос объектларининг қўриқланадиган теграларида ноқонуний қурилмалар ва бино-иншоотлар қурилганлиги, уларнинг ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари мавжудлиги аниқланиб, 3 нафар шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 64-моддаси билан, 5 ҳолатда Жиноят кодексининг 132-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудуд Самарқанд шаҳрини (ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган) муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилган тадбирлар давомида 35 ҳолатда алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларнинг қўриқланадиган теграларида Маданий мерос агентлиги билан келишилмаган ҳолда ноқонуний қурилишлар амалга оширилганлиги аниқланиб, 8 нафар шахс расман огоҳлантирилган ва 27 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.

Шунингдек, амалга оширилган амалий ишлар натижасида тарихий қийматга эга бўлган 69 та маданий мерос объектлари аниқланиб, уларни Миллий рўйхатга киритилиши назоратга олинган.

Бундан ташқари, ёшларни моддий маданий мерос объектларига бўлган қизиқишини ошириш, уларни асраб-авайлаш руҳида тарбиялаш мақсадида ёшлар иштирокида Самарқанд туманида жойлашган “Қофир қалъа” археологик маданий мерос объектида “Маданий мерос - Мен” хештеги остида акция ўтказилиб, аҳоли ўртасида кенг тарғибот ишлари олиб борилди ва бу каби акция давомийлигини таъминлаш мақсадида 2022 йил учун мўлжалланган чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Қайд этилган объектларнинг бугунги кундаги аҳволини ўрганиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича барча масъул идоралар билан келишилган ҳолда вилоят прокуратураси ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан қўшма фармойиш қабул қилинди.

Учқун Бутунов,

вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи.