Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанддаги Нодир девонбеги мадрасаси нима учун “Кичик Шердор” деб аталган?

Самарқанд туманидаги Хўжа Аҳрор Валий зиёратгоҳининг шимолида 1631 йил (ҳижрий 1040 йил)да Бухоро амири Имомқулихон саройида нуфузли лавозимда ишлаган Нодир Муҳаммад Девонбеги томонидан бунёд этилган мадраса бор.

Ушбу мадраса халқ орасида “Кичик Шердор” ёки “Ташқи Шердор” номлари билан ҳам аталиб келинган. Кейинги 50-60 йил ичида нашр этилган деярли барча адабиётларда бу обида “Ташқи Шердор” ёки “Кичик Шердор” мадрасаси, деб ҳам аталган. Чунки ушбу ёдгорлик пештоқида ҳам шер тасвири туширилган.

Бу қанчалик тўғри? Аслида ҳам шундайми?

XX аср бошларида Самарқанд музейида директор сифатида фаолият олиб бориш билан бирга Самарқанд ёдгорликларининг муҳофизи ҳисобланган В.Вяткин тадқиқотларига кўра, ўша вақтда Самарқанддаги Нодир Девонбеги мадрасаси ҳозирги кўринишидан анча фарқ қилган.

Мадрасада ишлатилган безаклар услуби ва мазмуни жиҳатидан Регистон ансамблидаги Шердор мадрасасига ўхшаш бўлган. Гарчанд, мадрасанинг декоратив безатилиши ўзига хос нақшлар тузулмаси ва ранглардан фойдаланиш усуллари бошқача бўлса-да, нақшинкор безакларининг тузилиши ва сюжети Шердор мадрасасининг композицион безатилишини эслатади. Мадрасанинг безатилишида турли ўсимликсимон нақшлар, тамғали ғиштчалар, давралар оралиғи ва атрофни безатишда Шердор мадрасасидаги каби мовий, оқ, сариқ ва яшил ранглардан фойдаланилган. Қора ранг ишлатилмаган. Бироқ дастлабки пайтларда Нодир Девонбеги мадрасаси пештоқида Шердор мадрасаси пештоқида акс эттирилган қоплон ёки арслон тасвирлари бўлмаган. Бу тасвирлар собиқ совет йилларида обидада амалга оширилган таъмирлаш вақтида ўрнатилган.

Шунингдек, мадрасанинг кириш пештоқи фризларида мовий кошинларга тўқ малла ҳарфлар билан ёзувлар битилган бўлиб, ёзувларнинг ўрта қисми сақланмаган. Сақланиб қолган ёзувларда Нодир Мирзо Тоғай девонбегининг отаси Султон Мирзо Орлотга атаб таъзиянома битилган ва ҳижрий ҳисобда 1045 йил санаси кўрсатилган. Бундан келиб чиқадики, Нодир Девонбегининг отаси ҳам Хўжа Аҳрор Валий даҳмасига дафн этилган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, пештоқда Бухоро хони Имомқулихон ва Нодир Девонбеги ҳақидаги мисралар ва мадраса меъмори Дўст Муҳаммад исми битилган бўлган.

Афсуски, ушбу ёзувлар бугунги кунга қадар сақланиб қолмаган.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Нодир девонбеги мадрасаси безак ишларида Шердор мадрасасидан андаза олинган. Шунинг учун ҳам бу обида ҳалқ орасида “Кичик Шердор” деб аталган.

Маҳмудхон ЮНУСОВ,

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи.