Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанддаги тарихий боғда анжир сайли (фото)

Аввал хабар қилганимиздек, Самарқанд шаҳридаги Боғибаланд маҳалласида анжир сайли ташкил этилди. Амир Темур боғларидан ҳисобланган 40 гектар анжирзорларда бўлиб ўтаётган сайил иштирокчиларига анжирзорларни томоша қилиш, жаннат мевасини татиб кўриш имконияти яратилган.

Тадбир ташкилотчиларининг таъкидлашича,  анжирни бежизга жаннат меваси, дейишмайди. Оч сариқ ёки сиёҳранг тусли ноксимон бу мева витамин ва қувватбахш моддалари билан инсонга саломатлик, гўзаллик ва ёшлик бахш этади. Боғибаланд маҳалласида анжир дарахти 200, ҳатто 300 йилгача яшаб, мева бериши мумкин.

Мутахассисларнинг фикрича, юртимизнинг турли ҳудудларида етиштириладиган анжир мевалари орасида Боғибаланд анжири микроэлементларга бойлиги ва бошқа хусусиятлари билан ажралиб туради. Кўчати шу ердан олиб борилиб, Самарқанднинг бошқа ҳудудларида экилганида ҳам мева Боғибаланддагичалик хуштаъм бўлмайди. Бу балки ушбу анжирзорларнинг Чўпонота тепаликлари ён бағрида жойлашгани ёки Зарафшон дарёсига яқинлиги билан боғлиқдир.

Манбаларда Боғибаланд анжирзорлари тарихи бир неча асрларга бориб тақалиши қайд қилинган. Жумладан, "Бобурнома"да мазкур ҳудудда Амир Темурнинг суюкли набираси, Мироншоҳнинг қизи Оқабегимга атаб "Боғибаланд" боғи барпо этилгани ва унда тўкин анжирзорлар борлиги ёзилган.

Ҳудудда айни пайтда 4 та фермер хўжалиги анжир етиштириш билан шуғулланмоқда. Хўжаликларда маҳалланинг 65 нафар аҳолиси иш билан банд.

Бугун Боғибаланддаги фермер хўжаликлари майдонларида, шунингдек, аҳоли хонадонларида анжир ғарқ пишган палла. Сайлда боғда етиштирилган анжирлар кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмадан шунингдек, ҳунармандлар маҳсулотлари ҳам ўрин олган.

Сайлда намойиш этилаётган анжир ва ундан тайёрланган маҳсулотларни тадбирда иштирок этаётган ҳорижликлар ҳам катта қизиқиш билан томоша қилиб, улардан татиб кўрмоқда.

Тадбирда таниқли санъаткорларнинг чиқишлари йиғилганларга кўтаринкилик бағишламоқда.

Эслатиб ўтамиз, бу йил ўн иккинчи бор ўтказиладиган "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивали меҳмонларининг саёҳат маршрутига илк бор Боғибаланд маҳалласидаги анжирзорлар ҳам киритилган.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов (фото).