Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандлик йирик қурилиш раҳбари Умар Ражабов 11 йилга озодликдан маҳрум этилди

Самарқанд шаҳар жиноят ишлари бўйича суди йирик қурилиш фирмаси раҳбари Умар Ражабовга, шунингдек, жиноий иш бўйича шерик сифатида келтирилган уч нафар айбланувчига нисбатан ҳукм чиқарди.

Қурилиш компанияси раҳбари Умар Ражабов 11 йилга озодликдан маҳрум этилди. Унинг ўғли Руслан Ражабов – 8,5 йилга, “Афросиёб Хосият бегим макони” МЧЖ раҳбари Шавкат Облоқулов 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Омборхона бошлиғи Миролим Одилов эса 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди. Суд ҳукмига биноан уларнинг мол-мулки жабрланувчилар фойдасига мусодара қилинади. Жабрланувчилар 180 нафар атрофида.

Таъкидлаб ўтамиз, ҳукм чиқарилганларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича айбловлар эълон қилинган: 168 – модданинг 4 – қисми “а, в” бандлари (уюшган гуруҳ томонидан содир этилган жуда кўп миқдордаги фирибгарлик) – сўз 44 млрд. 647 млн. 929.4 минг сўм, шу билан бирга 726 850 АҚШ доллари ҳақида боряпти. Судланувчиларга, шунингдек, 189 – модданинг 1 – қисми (Товарлар билан савдо қилиш қоидаларини  ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда катта миқдорда бузиш), 228 – модданинг 3 – қисми ва 2 – қисми “а,б” бандлари (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, қалбакилаштириш, уларни сотиш ёки улардан фойдаланиш), шунингдек 243 – модда (жиноий фаолиятдан олинган даромадни легаллаштириш) айблари эълон қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Умар Ражабов ва унинг ходимлари шу йилнинг февраль ойида Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраевга ва унинг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Ўткир Абдуллаевга нисбатан жиноий иш қўзғатилгандан кейин ҳибсга олинган. Амалдорларга Самарқанднинг тарихий марказида қурилиш олиб боришга рухсатномалар беришда пора олганлиги тўғрисида абловлар эълон қилинган эди. Август ойининг бошида жиноий ишлар бўйича Тошкент вилоят суди собиқ ҳокими иши бўйича ҳукм чиқарди – собиқ амалдорга 13 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.