Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанднинг миллий рейтингдаги ўрни масъуллар иштирокида муҳокама этилди

2020-2021 ўқув йили якуни бўйича республика умумтаълим муассасаларининг миллий рейтинги эълон қилинди. Мазкур рейтингда саккиз индикатор бўйича Самарқанд вилояти ўнинчи ўринни эгаллади.

Вилоят туман ва шаҳарлари, умумтаълим мактабларининг миллий рейтингдаги натижалари бугун вилоят ҳокими Э.Турдимов томонидан таълим соҳаси масъуллари иштирокида муҳокама қилинди.
Бугунги кунда вилоятда 1259 та мактаб, жумладан, 5 та давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати, 55 та ихтисослаштирилган мактаб ҳамда 8 та махсус мактаб-интернати, 17 та “Баркамол авлод” болалар мактаби, 1 та меҳрибонлик уйи, 1 та малака ошириш ҳудудий маркази фаолият юритмоқда.

– Республика миллий рейтингида вилоятимизда 16 туман ва шаҳардан 244 та мактаб, 5412 нафар ўқувчи она тили фанидан ва 5349 нафар ўқувчи математика фанидан назорат ишларида, 9760 нафар ўқитувчи ва 5489 нафар ўқувчилар ижтимоий сўровномада иштирок этди, – дейди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими раҳбари Ғ.Бобохолов. – Республика бўйича 207 туман ва шаҳар орасида Пахтачи тумани 53, Жомбой тумани 57 ва Тойлоқ тумани 58-ўринда қайд этилди ва мазкур ҳудудлар вилоятимизда етакчи бўлди. Каттақўрғон (189), Ургут (183) ва Қўшработ (173) туманлари эса рейтингда қуйи ўринлардан жой олди. Мактаблар орасида эса Иштихон туманидаги 1-ИДУМ республикада 25 ва вилоят бўйича биринчи ўринга, Паст Дарғомдаги 1-ИДУМ республикада 45, вилоятда иккинчи, Оқдарёдаги 52-ИДУМ республикада 58 ва вилоятда учинчи ўринга муносиб кўрилди. Ўз навбатида, Нарпай туманидаги 63-мактаб, Каттақўрғон туманидаги 37-мактаб ва Самарқанд шаҳридаги 78-мактаб энг қуйи ўринларда қайд этилди.

Рейтингда битирувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича тайёргарлиги ва таълим сифати даражаси, 11-синф битирувчиларининг бандлиги, ўқувчилар ўртасида содир этилган жиноятлар сони, педагогларнинг сифат таркиби, ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг чет тиларни билиш даражаси, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва ўқув-тарбиявий муҳитни қўллаб-қувватлаш учун туман, шаҳар маҳаллий бюджетининг орттирилган маблағлари ҳисобидан қилинган қўшимча харажатлар ҳажмига ҳам баҳо берилган.

Видеоселектор тарзида ўтказилган муҳокамада ҳар бир индикатор бўйича натижалар таҳлил қилиниб, қуйи ўринларда қайд этилган туман ва шаҳарлар, умумтаълим мактаблари масъулларидан изоҳ сўралди. Аввалги йилларда йўл қўйилган камчилик ва муаммоларни ҳал қилиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланиб, мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди.

– Ўтган йил Ургут ва Паст Дарғом туманларида таълим сифатини ошириш мақсадида бу ҳудудлардаги мактабларга олий ўқув юртларини бириктиргандик, – деди Э.Турдимов. – Дастлабки натижалар бу тажриба ўзини оқлаганини кўрсатмоқда ва келгуси йилда миллий рейтингда ҳам ўз аксини топишига ишонамиз. Шундан келиб чиқиб, вилоятимиздаги таълим сифати паст 200 та мактабда ҳам шу тажрибани қўллаймиз. Олий ўқув юртлари раҳбарлари, кафедра мудирлари, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосарлари, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, халқ таълими бўлим масъуллари мактабларга бириктирилади. Ҳар бир таълим муассасаси бўйича дастур ишлаб чиқилиб, амалга оширилади.

Шунингдек, таълим ходимлари малакасини ошириш ҳудудий марказининг ўқитувчилар билан ишлар борасидаги масъулияти оширилади. Ўқувчилар бандлиги масаласини вилоят бандлик бошқармаси мониторинг қилади, уларни иш билан таъминлаш чорасини кўради. Жиноятчилик масаласида вилоят ИИБ бошлиғи мониторинг юритади. Мактабда битта жиноят бўлса, биринчи навбатда сектор раҳбари ва мактаб директори жавоб беради. Муҳокамаси вилоят ҳокимлигида ўтказилади. Умуман, таълим билан фақат шу соҳа масъуллари эмас, барчамиз шуғулланамиз.