Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

СамДУнинг хорижлик ўқитувчилари аҳолини хотиржамликка чақирди

Дунёни ваҳимага солаётган коронавирус минг афсуски, юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Бугунги карантин вазиятда СамДУда фаолият олиб бораётган хорижлик ўқитувчилар билан суҳбатлашдик:

Низоми КУСАКИ, Япониядаги Сока университетининг япон тили мутахассиси:

-  Япониядан анча узоқдаман. Ҳеч ким кутмаган бу нохуш воқеа менинг ҳам Ватанимни четлаб ўтмади. Оилам ва қариндошларим соппа-соғ. Аммо Ер шарида юз минглаб инсонлар ушбу юқумли касалликдан азият чекмоқда. Менимча, шундай оғир, синовли кунларда нафақат бир мамлакат, балки дунё аҳли имкон даражасида қўлни қўлга бериб, баҳамжиҳат бўлмоғи, юқумли вабога қарши ақл ва заковат билан курашиши керак.

Бундай ажойиб юртда, халқпарвар Президентга эга мамлакатда ўзбекистонликлар ҳар қандай мураккаб муаммоларни енгишига ишонаман.

Робиндер ГАРГЕШ, СамДУ инглиз тили кафедраси мудири, профессор (Ҳиндистон):

- Шундай синовли кунларда хаёлим Ҳиндистонда. Хорижда бўлиш қанчалик оғирлигини сўз билан ифодалаб беролмайман.

Ўзбекистон раҳбари босиқлик ва ақл-заковат билан, халқ билан ҳаммаслак иш олиб бораётганини матбуот, телевидение ҳамда ижтимоий тармоқларда кузатиб боряпман. Юртингизда коронавирус билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар ошкоралик, холислик ҳамда шаффофликда, муттасил ёритилмоқда.

Коронавируснинг иқтисодий оқибатларини бартараф этишга ҳам жиддий киришилди. Бу бўйича Фармон ҳам имзоланди. Энди кўп жиҳат унинг ижросига боғлиқ. Мен коронавирусни Ўзбекистонни тарк этишига ишонаман. Ҳар битта иншоот, бино, турар-жой ҳимояланмоқда. Ташвишланишга, саросимага тушишга ҳожат йўқ.

Александр ЧЕСТЯКО, СамДУ рус филологияси факультети ўқитувчиси (Россия):

- Оилам билан Самарқанддаман. Икки ёшли қизалоғимиз бор. Коронавирус туфайли таътилимизни ҳам шу ерда ўтказяпмиз. Ўзимизни эркин ва ташвишларсиз ҳис қиляпмиз.

Самарқандда таомлар ширин, мева-сабзавотлар сероб, фақат тозаликка риоя қилиб, бошқаларни ҳам шунга чақиряпмиз. Коронавирус  муҳофазаси бўйича оиламнинг кўнгли хотиржам.

Самарқандда унга қарши барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Биз  истиқомат қилаётган СамДУнинг халқаро талабалар ва хорижлик ўқитувчиларга мўлжалланган ётоқхонасида шарт-шароитлар жуда яхши. Муҳими, ётоқхона мунтазам равишда коронавирусга қарши дизенфекция қилинмоқда. Тиббиёт мутасаддилари билан учрашиб, маслаҳатлар оляпмиз.

Барчага хотиражамлик, сабр тилаган ҳолда, уларни шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишга чақираман.

Суҳбатдош: Дилмурод ДЎСТМУРОДОВ.