Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Савол биздан – жавоб кимдан?: Тўрт йил ТАТУда ўқиб, мактабда дарс бериш мумкин эмасми?

Тошкент давлат ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалининг “Информатика ва ахборот технологиялари” бакалавр йўналишида таҳсил олган талабаларга мактабда иш йўқ.

Айни пайтда Самарқанд шаҳридаги 24-умумий ўрта таълим мактабида информатика фанидан дарс бериб келаётган ўқитувчидан (исмини сир сақлашимизга тўғри келди) шаҳар халқ таълими бўлими томонидан “Сен нопедагог бўлганинг учун тарификациядан ўтмайсан, олти ой қайта тайёрловдан ўтиб келсанггина дарс берилади” дейишмоқда экан.

Ахир тўрт йил ўқиб олий маълумотни эгаллаган мутахассис қандай қилиб педагог бўла олмаслиги мумкин? Яна дипломига аниқ қилиб “Информатика ва ахборот технологиялари” йўналишини тамомлади деб ёзиб қўйилган бўлса.

Бу биргина мактаб мисолидаги ҳолат. Эҳтимол, бошқа фанлар бўйича вилоятдаги мавжуд мингдан ортиқ мактабларда ҳам шу каби ҳолатлар кузатилаётгандир?

Ахир ҳозирги ахборот технологиялари даврида, мутахассис ўқитувчи олти ойлаб қайта тайёрловга кетса, ўқувчиларга дарсни ким ўтади, математика фани ўқитувчисими? Хуллас, тушунарсиз ҳолат.

Биз таълим тизимида бўлаётган бундай тушунмовчиликларга мутахассислардан жавоб кутиб қоламиз.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.