Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сайлов-2019: Нарпайдаги семинарда нималар ҳақида сўз юритилди?

Жорий йил декабр ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов участкалари фаоллари учун семинар-тренинглар ташкил этилмоқда.

Нарпай тумани 27-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилган ана шундай тадбирда 88 нафар округ сайлов комиссияси ва участка сайлов комиссияси раис ўринбосарлари ва 88 нафар котиблигига номзодлар сайлов жараёнлари ва қонунчилиги бўйича билим ва малакаларини оширди.

Семинар-тренингда Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти ҳамда парламент қуйи палатаси, халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгаши депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш борасидаги вазифалар муҳокама этилди.

Қайд этилганидек, олдидан турган муҳим сиёсий жараёнда 30 та халқ депутатлари туман кенгашига сайлов ўтказувчи округлар, 54 сайлов участкаларида жами 123 183 нафар сайловчилар овоз беради.

Бундан ташқари, туманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига ўтказиладиган сайловда 2 та округ ташкил қилинади. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлиги учун 3 та округда овоз берилади.

Семинар давомида қайд этилган округ ва участкаларда амалга ошириладиган ташкилий-техник ишлар, сайловчилар ва кузатувчиларга яратиладиган шароитлар хусусида сўз юритилди. Иштирокчилар олган тушунчаларини амалий машғулотларда мустаҳкамлашди.

Ҳафта якунигача давом этадиган семинар якунида тингловчиларга махсус сертификатлар берилади.

Ёқуб ГАДОЕВ.