Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сайлов комиссиясига кимлар аъзо бўлиши мумкин?

- Аввалги қонун ҳужжатларида сайлов комиссияси аъзоларига талаблар белгиланмаган эди. Янги қабул қилинган сайлов кодексида бу борада аниқ қоидалар белгиланганми?

Ж.ОБИДОВ, Жомбой тумани.

- Сайлов комиссияси аъзоларига қўйиладиган талаблар Сайлов кодексининг 25-моддасида аниқ белгилаб қўйилган.

Унга кўра, йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиясининг, округ ва участка сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин.

Бошқа сайлов комиссияларининг аъзолари, сиёсий партияларнинг аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, шунингдек, номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас.

Комиссия аъзоси шахсий аризасига кўра, шунингдек, ваколатларидан маҳрум этилган тақдирда, ўз вазифаларини бажаришдан озод этилиши мумкин.

Комиссия аъзоси ушбу кодекс талабларини бузган ёки зиммасидаги мажбуриятларига мунтазам равишда эътиборсизлик қилган тақдирда, уни ваколатларидан маҳрум этиш ҳуқуқи комиссияни тузган органга тегишли бўлади.

Зарур бўлган тақдирда, ушбу кодексда белгиланган тартибда сайлов комиссиясининг янги аъзоси сайланади.

Саволга вилоят сайлов комиссияси аъзоси Р.Раҳмонова жавоб берди.