Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сайёр судда 6 нафар ҳуқуқбузар фуқарога енгиллик берилди

Вилоят суди раиси Олим Ҳайитов Пайариқ туман Халқ қабулхонасида фуқаролар билан учрашув ва сайёр қабул ўтказди.

Қабул жараёнида жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий масалалар юзасидан фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилди.

Дастлаб, йиғилганлар билан учрашув ўтказилди. Учрашувда вилоят суди раиси бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, қонунчиликдаги янгиликлар, суд-ҳуқуқ тизимидаги ўзгаришлар ҳақида тушунча берди. Кейинги йилларда кўплаб ташкил этилаётган сайёр қабулларнинг самарали бўлаётганлиги, одамларнинг муаммолари ечим топаётганлиги ҳақида мисоллар билан гапириб, йиғилганларни фаол бўлишга чақирди.

Шундан сўнг, аҳолини қабул қилиш бошланди. Тадбир давомида 30 га яқин фуқаро ўз муаммоларига ечим излаб мурожаат қилди. Шунингдек, содир қилган жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан жазони ўтаётган 6 нафар фуқаро сайёр қабулда қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлигини, бундан буён соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечиришини билдириб жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилишни сўради. 

- Қонун устувор, жиноятга жазо муқаррар. Ҳар ким қилмишига яраша жазосини олиши аниқ, - деди ўз сўзида Олим Ҳайитов, – Бироқ, қилмишининг оқибатини англаб етган, пушаймон бўлган, ўзига хулоса чиқарган шахсларга ҳукуматимиз енгилликлар беряпти. Бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳам шунга қаратилган.

Фуқаролар турли масалаларда ҳам мурожаат қилди. Ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор қаратилиб, ижобий ҳал этилишига ҳаракат қилинди. Айримлари бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шундан сўнг, сайёр суд мажлиси ташкил этилди. Унда 6 нафар фуқаронинг жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилиш тўғрисидаги мурожаатлари бирма-бир кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.