Сеҳрли овоз соҳиби

Тақдир инсонга касб-кор инъом этади. У ана  шу мўътабар соҳадан бахт-иқбол топишга интилади. Бироқ, унинг кўнглида яна бир юксак чўғ бўладики, бу иккинчи истеъдод бўлиб порлайди.

Пахтачилик Раҳмонқул Болтаев гарчи “оқ халат”ни эъзозлаган шифокор бўлса-да, спорт шарҳловчилигида ҳам азиз ва қадрли устоз. У Ахбор ака Имомхўжаев яратган улуғ, мўътабар мактаб дуосидан баҳраманд бўлганлардан. Раҳмонқулнинг сеҳрли овозида шарҳланган “Пахтакор” (Тошкент), “Зарафшон” (Навоий), “Қизилқум” иштирокидаги футбол, “Бинокор” (Тошкент) хоккей жамоаси ўйинларини худди кечагидек эслаймиз. Ёхуд унинг раҳбарлигида Навоий вилоят футбол ассоациациядаги ислоҳотлар соғлом турмуш тарзимизга хизмат қилганлиги муболаға эмас.

Шу ўринда бугун табаррук 70 ёшини қаршилаётган қадрдоним ҳақида яна айрим фикрларимни айтиб ўтсам.

Раҳмонқул Болтаевнинг ҳаёт йўли ибратли. У шу вақтгача ўтказган умри давомида замондошларга, хусусан, ёшларга агар инсон иштиёқ билан яшаса, ҳар бир касбда ҳам ютуқларга эриша олишини исботлаб берди. Таъкидлаганимдай, шифокорлик касбини эгаллаш, элга малакали хизмат кўрсатиш баробарида спорт шарҳловчилигини ҳам мукаммал эгаллай олди.

Унинг Самарқанд ва Навоий вилояти футбол жамоалари ўйинларини шарҳлашдаги жўшқин ифодалари, маҳорати ихлосмандлар томонидан эътироф этилган, бунга ўзим ҳам кўп гувоҳ бўлганман. Эслайман, Раҳмонқулнинг 60 ёши Навоий шаҳридаги "Қизилқум" стадионида нишонланган, унда бугун Самарқанд вилоятида, ўша вақтда эса Навоий вилоятида ҳоким бўлган Эркинжон Турдимов иштирок этган ва қутлаган эдики, у кишига кўрсатилган ҳурматга ҳавас қилганмиз.

Ҳаётдаги муваффақиятлар ўз-ўзидан келмайди. Раҳмонқул бунинг учун тинимсиз ўқиди, спортни ҳамроҳ билди, айниқса футболга чинакам садоқат кўрсатди. Шу туфайли қатор йиллар республика телевидениесида Ахбор Имомхўжаев сингари сўз усталари сафида спорт шарҳловчиси бўлиб ишлади. Бундай жўшқин фаолияти билан нафақат Пахтачи тумани аҳли, балки Самарқанд ва Навоий вилоятлари футбол ихлосмандлари ҳам фахрланади.

Муҳими, Раҳмонқул Болтаев ҳамон ибратли фаолиятини давом эттиряпти, мамлакатимизда ҳурматли Президентимиз олиб бораётган улкан ислоҳотларда иштирок этяпти.

Қутлуғ 70 ёшини нишонлаётган қадрдонимизга тани-сиҳатликда узоқ умр, оилавий тотувлик, фаровон ҳаёт тилаймиз. Фарзанд, набиралар меҳридан қониб, қариндош-уруғлар даврасида боши тик бўлиб, дўстлар қуршовида мағрур юришини Яратгандан сўраб қоламиз.

Ҳусан Темиров.