Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сербияда жаҳон чемпионатининг кумуш медали билан тақдирланган оддий аскар

Самарқандлик ёш йигитча қай тариқа юксак маррани забт этмоқда?!

Самарқанд шаҳридаги ҳарбий қисмда спорт билан шуғулланувчи аскарлар ва ҳарбий хизматчиларнинг взводи мавжуд. Взвод учун ажратилган бино фойесида аскар ва зобитлар томонидан спортнинг турли йўналишлари бўйича эришган медаль, диплом ва кубоклари бурчаги ташкил этилган.

– Ҳарбий хизматчиларимиз спортнинг бокс, қўл жанги, аралаш жанг турлари бўйича ўтказилган кўплаб мусобақаларда ғолиб бўлган, – дейди спортчилар взводи командири ўринбосари, катта лейтенант Бекзод Дадажонов. – Ўтган йили пандемия туфайли кўплаб мусобақалар қолдирилди. Аммо аскар ва ҳарбий хизматчилар спорт залимизда мунтазам машғулотлар олиб борди. Бундан ташқари, спорт тўгараклари ташкил этганмиз. У ерда ҳарбийларнинг фарзандлари бокс, қўл жанги, волейбол, енгил атлетика бўйича машғулотларда қатнашади. Уларга Баҳодир Назаров ҳамда Дилнавоз Шерқулова спорт сир-асрорларини ўргатиш баробарида ўзлари ҳам шу йил ўтказиладиган халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўрмоқда.

Таъкидланишича, ҳарбий хизматчи Далер Йўлдошев қўл жанги бўйича Ўзбекистон чемпионатида ва яқинда ўтказилган вилоят ҳокими кубоги мусобақасида 1-ўринни қўлга киритган. Тўгарак аъзоси Азизбек Акромов ҳам ҳоким кубогида ўз вазн тоифасида биринчиликни эгаллади. Ўтган йил октябрь ойида Сербияда ўтказилган қўл жанги бўйича жаҳон чемпионатида оддий аскар Дилшод Гадоев кумуш медали билан тақдирланди ва 2021 йилда Москва шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Андижон шаҳрида ҳарбий хизматчилар ўртасида ташкил этилган мусобақада оддий аскар Қобилжон Раҳимов олтин медалга эга чиқди.

Дилнавоз ШЕРҚУЛОВА, қўл жанги бўйича етти карра жаҳон ва Ўзбекистон чемпиони, боксчи, курашчи, велопойгачи:

- Мен учун ҳарбий хизматни фақат эркак киши ўташи керак, деган тушунча йўқ. Йигитми, қизми Ватанга содиқ хизмат қилиши керак. Ёшлигимдан спортга бўлган қизиқишим кейинчалик мени ҳарбийликка ҳавасимни уйғотди. Бу касбни танлаганимдан фахрланаман. Ҳозирда ҳарбийларнинг 30 нафардан ортиқ фарзандига машғулот ўтаман. Баъзи пайтда улардан ҳам кўп нарсаларни ўрганаман. Аскарларнинг қизиқиши, интилиши, мусобақаларда эришган ютуғи бизни янада руҳлантиради. Келажакда шогирдларим орасидан жаҳон чемпионлари чиқишига ва ҳарбийлик касбини танлашига сабабчи бўлсак, ишимиздан янада завқланамиз.

Баҳодир НАЗАРОВ, қўл жанги, бокс бўйича кўп карра жаҳон ва Ўзбекистон чемпиони, уч карра Умумармия ўйинлари ғолиби:

- Касбдошларим ва оддий аскарлар орасида спортчилар кўп. Улар спортнинг турли йўналишлари бўйича машғулотлар ва мусобақаларда мунтазам иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритиб келмоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг 7 ёшдан катта ёшдаги фарзандлари билан уларнинг қайси спорт турига кўпроқ қизиқишини ҳисобга олган ҳолда ишлаймиз.


Ҳусан Элтоев.