Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сессия баҳс майдони бўлиши керак

23 октябрь куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўн бешинчи сессияси ўтказилди.

Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.

Дастлаб вилоят сайлов комиссияси раиси С.Нуриевнинг 2020 йил 4 октябрь куни халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига бўшаб қолган депутатлик ўринларига ўтказилган сайлов натижалари тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Сайлов якунлари бўйича халқ депутатлари вилоят Кенгашида бўшаб қолган 24-Митан сайлов округидан Фарҳод Назаров, 35-Мирбозор сайлов округидан Ёдгорбек Жўраев, 50-Дўстлик сайлов округидан Зафар Каримов депутатликка сайлангани маълум қилинди. Уларга депутатлик нишони ва гувоҳномалари топширилди.

Шундан сўнг, вилоятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлаш юзасидан вилоят сектор раҳбарларининг ҳисоботлари тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Ушбу масала юзасидан вилоят ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.

Қайд этилишича, 2020-2021 йиллар қиш-баҳор мавсумида ички бозорни асосий турдаги маҳсулотлар билан кафолатли таъминлаш мақсадида қарор қабул қилиниб, 76 минг тонна маҳсулот (40 минг тонна картошка, 17 минг тонна пиёз, 12 минг тонна сабзи, 7 минг тонна гуруч) жамғариш белгиланган ва бугунгача 21,6 минг тонна маҳсулот жамғарилган.

Вилоят ҳокимининг қарори билан маҳсулотлар захирасини яратиш ва ойма-ой бозорга чиқариш ишларини молиялаштириш мақсадида вилоят ҳокимлиги ҳамда шаҳар ва туман ҳокимликлари қошида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамғармаси ташкил этилди. Маҳсулот харид қилиш учун ҳудудий тайёрлов ташкилотларига банклар томонидан 10,3 миллиард сўм кредит ажратилди.

– Бугунги кунда вилоятимиздаги деҳқон бозорларида 20 та арзонлаштирилган маҳсулотлар сотишга мўлжалланган ижтимоий расталар ташкил қилинди, – деди Э.Турдимов. – Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари қошида 39 та тайёрлов харид корхоналари фаолияти йўлга қўйилиб, улар томонидан 5057 тонна маҳсулот захира қилинади. 38 та марказий деҳқон бозорлари ва савдо комплексларида “онлайн” видеокамералар ўрнатилди. Ҳозирда Самарқанд шаҳрининг Сартепа, Қорасув массивлари ва Кимёгарлар қўрғонида намунавий лойиҳалар асосида енгил конструкцияли “Яшил дўкон”лар ташкил этилмоқда.

Ҳисоботда келтирилишича, 2021 йилнинг май ойига қадар вилоят аҳолисининг картошкага 84 минг тонна, гўштга 73 минг тонна, гуручга 19 минг тонна, ун маҳсулотига 150 минг тонна, шакарга 21 минг тонна, ўсимлик ёғига 18 минг тонна ва тухумга 403 миллион дона эҳтиёжи мавжуд. Фермерлар ва бошқа қишлоқ хўжалик корхоналари томонидан жорий йилда етиштирилган картошка, сабзи, пиёз, тухум, буғдой маҳсулотлари ҳисобига ушбу эҳтиёж тўлиқ қопланади. Чунки бу йил вилоятда 1 миллион 654 минг тонна сабзавот, 126 минг тонна полиз, 630 минг тонна картошка, 337 минг тонна мева ҳамда  67 минг тонна дуккакли дон маҳсулотлари етиштирилмоқда. Вилоятдаги 20 та ўсимлик ёғи ишлаб чиқарувчи корхоналар 6 ойда 76 924 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Эҳтиёж учун 10,9 минг тонна (62 фоиз) маҳаллий, 6,7 минг тонна (39 фоиз) хориждан ёғ олиб келиш режалаштирилган.

Бугунги кунда вилоятда 182 минг 880 тонна маҳсулотни сақлаш қувватига эга 230 та омбор фаолият кўрсатмоқда.

Сессияда эҳтиёжманд оилалар рўйхати   (“темир дафтар”) асосида уларга манзилли ёрдам кўрсатилиши тўғрисида вилоят ҳокимининг ўринбосари – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи А.Умаровнинг,  вилоятда банклар ва солиқ идоралари, мутасадди ташкилотлар томонидан жойларда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиш, мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда “мижозбай” ҳал этиш ишлари самарадорлигини ошириш ва солиқ идораларининг кунлик фаолиятига “солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тизимни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи О.Тўхтаев ва вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи А.Иноғомовнинг, Олий Мажлис Сенатининг 2020 йил 28 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ота-оналар қарамоғидан маҳрум бўлган, “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланган ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашувидаги долзарб масалалар юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари ҳақида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Очиловнинг, маҳаллий бюджет даромадларини ошириш ва қўшимча манбаларини шакллантириш юзасидан вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи Б.Мирзаевнинг ҳисоботлари тингланди.

Бундан ташқари, сессияда Оқдарё туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг жорий йилга мўлжалланган дастури ижроси аҳволи тўғрисида туман ҳокими Н.Сулаймонов ва сектор раҳбарлари ҳисобот берди.

Мазкур масала депутатлар томонидан танқидий таҳлил этилиб, Оқдарёда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилмаётгани таъкидланди. Бу борада сектор раҳбарлари олдига аниқ савол ва масалалар қўйилди.

“Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти директори У.Жўраевнинг вилоятда куз-қиш мавсумида аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳисоботи ҳам баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Кейинги пайтда тармоқда кузатилаётган узилишлар, дебитор қарздорликнинг ошиб бораётгани, электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)даги камчиликлар, белгиланган дастурларнинг ўз вақтида бажарилмаётгани, соҳадаги ўзибўларчилик қайд этилиб, мазкур ҳолатлар юзасидан корхона раҳбарларидан жавоб сўралди.

Умуман, муҳокама этилган ҳар бир масалага депутатлар сайловчилари манфаатидан келиб чиқиб ўз муносабати, нуқтаи назарини баён этди. Ҳисобот берган раҳбарларга эътирозини билдириш билан бирга таклифларини айтди. Депутатларнинг фаоллиги ва ҳар бир масалага алоҳида эътибор қаратаётгани, жамиятда ўз сўзига эгалиги, жамоатчилик орасида муносиб ўрнини топиб бораётгани туфайли ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари улар билан яқин ҳамкорликда ишлаш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи А.Иноғомов хуфёна иқтисодиётга қарши курашишда депутатлардан бу борада тарғибот ишларини кучайтириш орқали ёрдам беришни сўради.

– Сессия баҳс майдони бўлиши керак, – деди Кенгаш раиси Э.Турдимов. – Ҳисобот ёки ахборот бераётган раҳбар депутатларга дардини ҳам айтсин, таклифини билдирсин.  Масалани депуталар билан таҳлил қилиб, муаммоларга ечим топиш лозим. Бирор бир масалани сессияга олиб чиқиш ва муҳокама этишдан ҳам мақсад шу – муаммоларга халқ вакиллари билан бирга, уларнинг фикрларини инобатга олиб ечим топиш.

Депутатлар вилоятга турли йилларда раҳбарлик қилган Ўктам Барноев ва Аъзамхон Баҳромов номини абадийлаштириш мақсадида Самарқанд шаҳридаги иккита кўчага уларнинг номини бериш юзасидан таклиф билдириб, бу ҳақда тегишли комиссияга мурожаат йўллашга қарор қилдилар.

Сессияда вилоят Кенгаши ваколатига тегишли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, қарорлар қабул қилинди.

Сессия ишида Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Боқиев иштирок этди.