Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шаҳар автошоҳбекатининг бугунги аҳволи Каттақўрғоннинг азалий нуфузига доғ туширяпти

16 сентябрь куни Zarnew.uz сайтида жойлаштирилган «Каттақўрғон шаҳрида нега автобус йўқ?» сарлавҳали мақолани ўқиб, Холмурод Сориев ўзининг “facebook”даги саҳифасида қуйидаги мулоҳаза ва таклифларини баён этган.

“Буюк Ипак йўлида жойлашган шаҳар (Каттақўрғон) кўриниши, ички йўллари, бозори, автошоҳбекати бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермайди. Биргина, шаҳарнинг бу автошоҳбекатида бир пайтлар бутун республикага ўрнак бўладиган даражада қулайликлар мавжуд эди. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига бу маскандан автобусларнинг қатнов йўналишлари йўлга қўйилганди. Бекат ёнида ҳатто меҳмонхона ҳам фаолият кўрсатарди.

Бугун эса бу бекат хароба аҳволга тушиб, қандайдир қурилиш фирмаси учун омборхонага айлантирилган. Теварак-атрофдаги туманларга, Самарқанд, Тошкент шаҳарларига йўл олган йўловчилар бу ерга қадам босмай қўйганига ҳам анча йил бўлди.

Фикримча, мазкур бекатни тартибга келтириб, унинг аввалги мавқеини, ундаги шароитларни тиклаш, у ерда шаҳарлараро ва туманлараро автобуслар ҳаракатини йўлга қўйиш, кўчаларини кенгайтириш, лицензияга эга таксилар қатновини таъминлаш вақти келди.

Шунингдек, Каттақўрғон сув омбори ёнида дам олиш масканлари барпо этиш, дунёга машҳур Пайшанба ҳолваси-ю, парвардаси, ҳунармандчилик маҳсулотлари савдосини ташкил қилиш орқали шаҳарга сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш лозим. Бунинг натижасида янги иш ўринлари яратилади, халқнинг фаровонлиги ортади, муҳими, Кататқўрғон шаҳри ўзининг азалий нуфузини янада тиклайди”.