Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шавкат Мирзиёев: Хавотирга ўрин йўқ, деб хотиржам бўлиш хиёнат

Бугун, 26 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Тадбир аввалида давлатимиз раҳбари ушбу масала бўйича халқимизга яна бир бор мурожаат қилди.

Бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Бизда аниқланган касаллар сони кам-ку, 100 тага ҳам етмайди, хавотирга ўрин йўқ, деб хотиржам бўлиш хиёнат ҳисобланади.

Чунки коронавирус менга юқмайди, деб бефарқ юрганлар нафақат ўзининг, балки ота-онаси, фарзандлари, атрофидагилар, қолаверса, бутун халқимизнинг соғлиғи ва ҳаётини катта хавфга қўйишини чуқур англаб етиши керак.

Давлат томонидан кўрилаётган чоралар одамларимизнинг касалликни юқтириб олиш эҳтимолини имкон қадар чегаралаш, вирусли инфекциянинг тарқалишини жиловлашга қаратилган.

Тиббиёт қанчалик ривожланган бўлмасин, давлат бунга қанча-қанча маблағ ажратмасин, одамларимиз шифокорлар тавсиясига амал қилмаса, тартиб-интизомли бўлиб, карантин қоидаларига риоя этмаса, барча кўрилаётган чораларимиз, пандемияга қарши курашиш учун сафарбар қилинган юз минглаб фидойи инсонларнинг меҳнати беҳуда кетиши мумкин.

Айрим ҳудуд раҳбарлари ҳозирга қадар фуқароларга мурожаат билан чиқиш ва юзага келган вазиятни аҳоли ўртасида тушунтириш чораларини кўрмаяпти.

Маҳаллий телеканаллар, газета ва журналларда, ижтимоий тармоқларда ишлар лозим даражада ташкил этилмаяпти.

Вилоят, шаҳар ва туман, 4 та сектор раҳбарларининг эпидемиологик осойишталик учун шахсий жавобгар эканлиги ҳақида қатъий огоҳлантираман. Сизлар коронавирус инфекциясининг тарқалишига йўл қўймаслик, карантин режимини бузишнинг барча салбий оқибатларини аҳолига тушунтириш бўйича туну кун ишлашингиз шарт, - деди давлатимиз раҳбари.