Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шайбоний шаҳзода қабртоши Самарқанд музейига қандай келиб қолган?

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси археология жамғармасида икки бўлак қабртош сақланади. Қабртош Шайбонийлар сулоласи вакили Абу Саид Баҳодурхон ўғли Султон Саид Баҳодурхонга тегишли (бир бутун қабртошнинг икки бўлаги, ҳажми: баландлиги 40 сантиметр, узунлиги 132 сантиметр, қалинлиги 36,5 сантиметр) бўлиб, кирим китобларидаги таснифида “1930 йилгача келиб тушган”, дея қайд этилган.

Музей-қўриқхонада илмий архиви сақланаётган Россия императорининг археология комиссияси (ҳозирги Россия Фанлар Академияси моддий маданият институти) архив ҳужжатлари нусхаларини ўрганиш жараёнида қабртошларнинг Самарқанд музейига келиб қолишига ойдинлик киритилди.

Мазкур ҳужжатларга кўра, профессор Н.Веселовкий 1905 йил июль ойида Самарқандда бўлганида Самарқанд шаҳрида яшовчи Недигер исмли аёлга тегишли бўлган, ўша вақтдаги Петровский кўчаси 31-уйда иккита қабртош бўлаклари сақланаётганлигини аниқлайди.

Н.Веселовкий Самарқанд вилояти ҳарбий губернаторига ёзган ахборотида бу ҳақда маълум қилади. У ўз ахборотида “турли тўпловчилар уй эгаси билан қабртошларни сотиб олиш учун савдолашмоқда. Ушбу тошлар давлат мулки ҳисобланиб, Самарқанд музейига топширилиши керак”лигини маълум қилади. Ҳужжатларда кўрсатилишича, қабртошни Недигер исмли аёл кишининг уйида сақлаган шахс Туркистон генерал-губернаторлиги дипломатия бўлими собиқ амалдори А.Половцев бўлган.

Вилоят маъмурияти ушбу масала юзасидан суриштирув ўтказиш бўйича тегишли топшириқларни беради. Самарқанд шаҳар 3-участка пристави Мўминжон Муслимжонов бу ҳақда 1905 йил 5-6 август кунлари суриштирув ўтказиб, далолатнома тузади. Далолатномада исми-шарифи қайд этилган Сўзангарон маҳалласи элликбошиси Қобилбой Бобожоновнинг айтишича, беш йил олдин “Чилдухтарон” ёдгорлигига рус миллатига мансуб икки киши келиб, қабртошлардан бирини олиб кетмоқчи бўлади. Лекин элликбоши бунга қаршилик қилади. Эртасига икки бўлак қабртошни полицмейстер подполковник Левшин арава буюртма қилиб, олиб кетади. Буни полиция катта ходими Мастон Носиров ҳам тасдиқлайди.

Юқоридаги ҳужжатлардан англашиладики, Туркистон генерал-губернаторлиги дипломати А.Половцев дастлаб ўзи “Чилдухтарон” ёдгорлигига борган ва қабртошларни беришни сўраган. Аммо элликбоши Қобилбой Бобожоновдан рад жавобини олган. Шундан сўнг бу топшириқни А. Половцев учун полицмейстер Левшин уддалаган.

Ушбу масала юзасидан Самарқанд вилоят ҳарбий губернатори 1905 йил 15 октябрда Император археология комиссиясига ёзган 13599-сонли хатида профессор Н.Веселовкий талабига кўра, қабртош бўлаклари Самарқанд музейига олиб келинганлигини билдиради. “Чилдухтарон” ёдгорлигида ҳозирда 40 дан ортиқ шундай қабртошлар бўлиб, уларнинг айримлари темурийларгача бўлган даврга тегишлидир.

Маҳмудхон Юнусов,

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи.