Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шуҳрат РЎЗИЕВ: Вилоятда йил охиригача аҳолининг спортга қамрови 22 фоизга етказилади

Бу кўрсаткич 2023 йилда 24, 2024 йилда 26 ва 2025 йилда 30 фоизга етказилиши режалаштирилган. Қуйида вилоят спортни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев юқоридаги режалар ва вилоятда спортни ривожлантириш борасидаги ишларнинг бугунги аҳволи ҳақда сўз юритади.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 32 та спорт таълим муассасаси, 2 та олимпия ва паралимпия коллежи, 4 та ихтисослаштирилган спорт мактаби, 24 та болалар-ўсмирлар спорт мактаби, 1 та футбол маҳорати мактаби фаолият олиб бормоқда. Мазкур иншоотларда 1149 нафар тренер-ўқитувчи 50 спорт тури бўйича 33 минг 625 нафар ёшларга машғулот ўтяпти.

2021 йил 5 ноябрдаги “Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва “Workout” спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори ҳамда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида мамлакатимизда жисмоний тарбия ва оммавий спортнинг ривожи учун муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.

Вилоятда ўтган давр мобайнида ушбу вазифалар ижросини таъминлаш ва аҳолининг оммавий спортга жалб қилиш кўламини ошириш мақсадида 82 километр саломатлик, 75 километр велосипед йўлаклари, 63 та мини-футбол, 34 та бадминтон, 323 та “Workout”, 47 та стритбол майдончалари фойдаланишга топширилган.

Шунингдек, 2022 йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига асосан, вилоятдаги 1126 маҳаллада 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида спортнинг тўққиз тури бўйича беш босқичли спорт мусобақалари ўтказиш йўлга қўйилди.

Ушбу оммавий спорт мусобақаларида вилоятимиздан 282 минг 989 нафар, яъни ёшларнинг 17 фоизи қамраб олинди. Турнир натижасига кўра, ёшларимиз мазкур мусобақанинг республика босқичида иккинчи ўринни қўлга киритди.

Қайд этиш керакки, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоятимиз спортчилари жаҳон, халқаро, Осиё ва Ўзбекистон биринчиликларида муносиб иштирок этиб, 1184 медални қўлга киритди. Шундан жаҳон чемпионатида 8 та, халқаро турнирда 31 та, Осиё мусобақаларида 10 та, Ўзбекистондаги баҳсларда 1133 та медаль вакилларимизга насиб этди.

Ҳозирда вилоятимиздан 2024 йил Парижда ўтказиладиган олимпия ва паралимпия ўйинларига 9 спорт тури бўйича 23 нафар спортчи, паралимпия бўйича 4 нафар спортчи ва 2 та параспорт тури бўйича номзод сифатида саралаб олинган спортчиларимиз тайёргарлик машғулотларида қатнашмоқда.

Спортчиларимиз жорий йилнинг 9-18 август кунлари Коня шаҳри (Туркия)да Ислом Бирдамлик ўйинларида, 10-28 декабрь кунлари Шантау шаҳри (Хитой)да ўсмирлар ўртасида ёзги Осиё ўйинларида иштирок этади.

Вилоятда йил охиригача 881 минг 945 нафар, яъни аҳолининг 22 фоизи спортга қамраб олинади. Бу кўрсаткич 2023 йилда 24, 2024 йилда 26 ва 2025 йилда 30 фоизга етказилиши режалаштирилган.