Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Снос» учун Самарқандга 150 миллиард сўм берилган

Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича Самарқанд шаҳрининг айрим ҳудудларида турар-жой ва нотурар-жой биноларини кўчириш ишлари амалга оширилмоқда.

Мазкур ҳудудларда кўчириш ишларини ўрнатилган тартибда амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 майдаги 337-Ф-сонли фармойишига асосан республика бюджети ҳисобидан вилоят маҳаллий бюджетига жорий йил якунига қадар қайтариб бериш шарти билан 150 миллиард сўм миқдорида қисқа муддатли бюджет ссудаси ажратилган.

Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида бузилишга тушган ҳудудларда жами 160 та объект эгаларига компенсация тариқасида жами 33,89 миллиард сўм маблағлар молиялаштирилиб, ўрнатилган тартибда кўчириш ишлари амалга оширилмоқда.

Айни кунларда Самарқанд шаҳрида шаҳарсозлик инфратузилмасини ривожлантириш ва сайёҳлик потенциалини янада ривожлантириш мақсадида Самарқанд шаҳрининг 2040 йилгача мўлжалланган бош режаси “Тошкентбошплан ЛИТИ” ДУК бош лойиҳа институти ҳамда хорижлик консультант-архитекторлар билан биргаликда қайта ишлаб чиқилмоқда. Шу билан бирга шаҳарнинг тарихий қисмини батафсил режалаштириш лойиҳаси ҳам ишланмоқда.

Бош режада “Самарқанд Сити” туристик зонаси ташкил этилиши, ушбу туристик зона ҳудудида Самарқанд шаҳрида 2022 йилда ўтказилиши мўлжалланган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги Саммити тадбири учун хизмат кўрсатувчи объектлар, шунингдек Конгресс зал, меҳмонхоналар ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари қурилиши режалаштирилиши назарда тутилган.

Ё.Гадоев.

Эслатиб утамиз, жорий йилнинг 29 июль куни вилоят ҳокимлигида “Тошкентбошплан ЛИТИ” давлат унитар корхонаси бош лойиҳа институти томонидан Самарқанд шаҳрининг 2040 йилгача мўлжалланган бош режасининг дастлабки тақдимоти ўтказилган эди.