Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: 2030 йилга бориб, дунё аҳолисининг қарийб 45 фоизи семириб кетиши мумкин

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, кейинги бир неча ўн йил ичида ортиқча тана вазни ва семизлик муаммоси бутун дунёда кучайиб бормоқда. 2030 йилга бориб, дунё аҳолисининг қарийб 45 фоизи семириб кетиши мумкин. Семизлик нафақат катталар ўртасида, балки болалар ва ўсмирлар орасида ҳам жиддий муаммога айланиб бормоқда.

Маълумотларда келтирилишича, 1975 йилдан айни пайтга қадар дунёдаги семиз одамлар сони уч баравар ошган. 5 ёшдан 19 ёшгача бўлган 340 миллиондан зиёд болалар ва ўсмирлар семизликка дучор бўлишган. Мазкур фактлар жамиятимиз учун семизлик жиддий таҳдид эканини кўрсатмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Аксарият ҳолларда семизлик касаллик бўлиб, тери ости ва тананинг бошқа жойларида меъёрдан ортиқча ёғ тўпланиши натижасида келиб чиқади. Кам ҳаракатланиш, генетик факторлар, эндокрин касалликлар, нотўғри овқатланиш ёки психологик бузилишлар, стрессларга берилувчанлик каби факторлар семизликни келтириб чиқаради. Ушбу сабаблардан энг кўп учрайдигани кам ҳаракатланиш, нотўғри овқатланиш ва генетик факторлардир.

Семизлик оқибатида метаболик синдром, қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, миокард инфаркти, инсульт, гипертония касаллиги, сурункали вена қон-томирларининг етишмовчилиги, холецистит ва ўт-тош касаллиги, артритлар, остеохондроз ва остеоартрозлар, умуртқа поғонаси чурралари, жигарнинг ёғли дистрофияси ҳамда онкологик касалликларга сабаб бўлиши мумкин. Бутужаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг статистик маълумотларига кўра, юрак, қон-томир касалликлари ер юзида ўлимнинг асосий сабабчиси бўлиб, айнан семизлик унинг ривожланишига олиб келади.

Ортиқча вазн ва семизликка қарши соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик ҳамда зарарли одатлардан, яъни тамаки ва алкоголь маҳсулотларидан воз кечиш орқали курашиш мумкин. Бунда жисмоний фаоллик: спорт билан шуғулланиш, пиёда юриш, гимнастика машқларини бажариш ҳамда бадантарбия билан шуғулланиш муҳим ўринга эга.

Маълумки, юриш орқали юрак қон-томир касалликлари, инсульт, хавфли ўсмалар, нафас олиш аъзоларининг сурункали касалликлари ва қандли диабет каби юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олган бўламиз. Бундан ташқари, жисмоний фаоллик сабаб носоғлом турмуш тарзи, нотўғри овқатланиш, чекиш, ичиш каби салбий иллатларга ҳам чек қўйилади.

Гимнастика машқларини бажариш орқали эса мушак тизими мустаҳкамланади, бўғимлар ҳаракати яхшиланади, куч, тезлик, чидамлилик тарбияланади. Соғломлаштирувчи таъсир кучига эга машқлар туфайли қоматнинг тик ва тўғри ривожланиши таъминланади.

 Кўриниб турибдики, ҳар икки ҳолат инсон танасининг чиниқиб, ортиқча вазндан халос бўлишига хизмат қилар экан.