Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Соҳибқирон Темурбек” - ўзбек достончилигида муҳим қадам

Ўзбек бахшичилик мактабининг улуғ намояндалари сўнгги манзиллари обод қилинаётгани, бугун ўзбек адабиётининг ўқ томири бўлган халқ оғзаки ижодига эътибор ушбу йўналишда янги ижод намуналари дунёга келишида муҳим замин яратмоқда.

Нуробод бахшичилик мактабининг ёрқин вакили Шавкат Бобомуродовнинг буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомизга бағишланган “Соҳибқирон Темурбек” достони ана шу эътибор меваси, десак адашмаймиз. Ушбу китоб “Zarafshon” нашриётида нашрга тайёрланиб, “MEDIA PRINT SAMARQAND” босмахонасида чоп этилди.

Достон бошдан-оёқ Амир Темур ҳаётига бағишланган бўлиб, унда ҳукмдорнинг ҳарбий юришлари, бунёдкорлик ишлари, инсонийлиги, илмий салоҳияти қамраб олинган. Достон билан танишиб, муаллиф асарни яратиш жараёнида узоқ излангани ва ишончли манбалардан ўринли фойдаланганига амин бўласиз.

Адолатли ҳукмдор нафақат ўзбек, балки бутун туркий қавмларнинг фахри бўлган буюк жаҳонгир ҳақидаги ушбу достон фақат бахши-оқинлар учунгина эмас, кенг оммага мўлжаллангани билан ҳам аҳамиятли. Негаки, Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолияти ҳақида бугунгача бу услубда бирорта асар яратилмаган. Ушбу асар ёш авлодни ватанпарвар, адолатли ва халқпарвар инсон сифатида тарбиялашда муҳим ўрин тутади.

Сулаймон МАРДИЕВ.