Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Солиқ бошқармаси бошлиғи булунғурлик ёш китобхон ва спортчиларни рағбатлантирди

Булунғур педагогика ва спорт коллежида Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Шодиёр Аҳмедовнинг ёшлар билан билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифалар, мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама етук шахс этиб вояга етиши борасида амалга оширилаётган ишлар, солиқ соҳасида ҳаётга татбиқ қилинаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритилди.

Мулоқот шаклида ўтказилган учрашувда булунғурлик ёшлар турли соҳалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Жумладан, ички йўлларни, тумандаги марказий кутубхонани таъмирлаш, “Ёшлар кутубхонаси” китоб фондини кенгайтириш, спорт анжомларини етказиб беришда амалий кўмак кўрсатиш, йўлга светофор ўрнатиш ва бошқа бир қатор масалалар бўйича мурожаатлар тингланди.

– Вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи билан учрашув биз, ёшлар учун жуда фойдали бўлди, – дейди тумандаги 46-умумтаълим мактаби ўқувчиси Фарангиз Раҳматуллаева. – Тадбирда ўзимиз учун фойдали маълумотларни олдик. Жумладан, юртимизда ёш авлодга яратилаётган шароитлар, солиқ соҳасидаги янгилик ва ўзгаришлар бўйича атрофлича тушунчаларга эга бўлдик. Муҳими, бу каби тадбирлар юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан вояга етишимиз, ўз олдимизга аниқ мақсадлар белгилаб олишимизда муҳим ўрин тутади.

Тадбирда таэквондо (WTF) бўйича мамлакатимиз ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда салмоқли ютуқларни қўлга киритиб келаётган бир гуруҳ спортчилар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди. Шунингдек, учрашувда фаол қатнашган ўқувчиларга китоблар туҳфа қилинди.

Умид АЛИМОВ,

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати ходими.