Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Солиқчи - кўмакчи” тизимининг моҳияти нима? У тадбиркорга қандай ёрдам беряпти?

Кўпчилик қизиққан бу савол билан боғлиқ ҳолатга Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Фаррух Аҳмеджонов аниқлик киритди.

Ф.Аҳмеджоновга кўра, “Солиқчи - кўмакчи” тизимининг моҳияти, энг аввало, биз энди иш бошлаётган тадбиркорга биринчи қадамидан, унга қайси солиқ режими қулай ва фойдали эканлигини танлаб беришимиздан бошланади. Ундан кейин бизнес субъектининг “яшаб кетиши”, яъни фаолият кўрсатмаётганларини қайта тиклашга, бухгалтериясини юритиши, ҳисоботларни тўлдириши ва топшириши, хуллас, нима муаммоси бўлса ҳал этиш бўйича ёрдам беришга асосий эътибор қаратилади.

Бир мисол: вилоят давлат солиқ хизмати органларига I чорак учун бюджет даромадларига 853,3 млрд. сўмлик режа белгиланган бўлиб, ҳақиқатда 931,6 млрд. сўмлик тушум таъминланди ва прогноз кўрсаткичи 109,2 фоизга (78,4 млрд. сўм ортиғи билан) бажарилди. Белгиланган режанинг ортиғи билан бажарилишида ҳар бир тадбиркорнинг саъй-ҳаракатига унинг қийинчилик ва муаммоларини тушунган ҳолда, яқин кўмакчи сифатида ёндашув асосида иш ташкил қилингани асосий сабаб, десам адашмайман.

Бугунги кунда, фаолиятимиз «Қанча солиқ қонунчилигини бузиш аниқланди ва қўшимча солиқ ҳисобланди», деб тадбиркорни жазолашга эмас, аксинча солиқ қонунчилигининг бузилишини нечоғлик камайганлиги ва тадбиркорларни ортиқча харажатлардан сақлаб қолишга қанча ҳисса қўшилганлигига қараб белгиланади.

Дарҳақиқат, солиқ ходими, энг аввало, янги иш бошлаётган тадбиркорга биринчи қадамидан унга қайси солиқ режими қулай ва фойдали эканини танлаб беришимиз зарур. Шундан кейин бизнес субъектининг “яшаб кетиши”, фаолият кўрсатмаётганларини тикланишига кўмак бериш, бухгалтериясини юритиши, ҳисоботлари, хуллас, нима муаммоси бўлса ҳал этиш бўйича хизмат кўрсатишга асосий эътибор қаратиш лозим.

Бугунги шароит манзилли ишлашни, ҳар бир тадбиркор фаолиятига унинг қийинчилик ва муаммоларини тушунган ҳолда кўмакчи бўлишни тақозо этади. Вилоят давлат солиқ бошқармасида солиқ тўловчиларни қабул қилиш бўйича марказ ташкил этилди ҳамда бошқарма солиқ ходимларини амалга оширилиши лозим бўлган функционал вазифаларини белгилаб берадиган ягона тартиб ишлаб чиқилди.

Жумладан, солиқ тўловчиларни қабул қилиш операцион залда 22 та дарча орқали тегишли бўлимлардан 22 нафар ходим жалб қилинган.

Ташриф буюраётган солиқ тўловчиларнинг йўналишлари бўйича навбатни электрон бошқариш тизими (навбатни кўрсатувчи видеоэкран) билан жиҳозланган.

Тадбиркорларни фаолиятини энди бошлаган ҳамда фаолиятини давоми қийинчилик юзага келаётган тадбиркорлик субъектларига “Солиқчи–тадбиркорга кўмакчи” тамойили бўйича солиқ органлари томонидан бир қанча ишлар амалга оширилиб келмоқда. Жумладан, ушбу тамойил доирасида вилоятдаги 42 711 та тадбиркорлик субъектлари ўрганилиб, шундан 34 239 та тасига кўмаклашиш зарурлиги аниқланди.

Шунингдек, кўмаклашиш зарур бўлган тадбиркорлик субъектларининг:

- 8 117 тасининг дастлабки бухгалтериясини юритишда;

- 6 158 тасининг солиқ қарзи тўғрисида маълумот беришда;

- 3 328 тасига солиқ режимини танлашда;

- 3 744 тасига солиқ имтиёзлари ва уларни қўллаш тартиблари;

- 471 тасининг 504,0 млрд. сўм ҚҚС солиғидаги мавжуд ортиқча тўловни қайтаришда;

- 836 тасининг 9,4 млрд. сўм бошқа солиқ турларидаги ортиқча тўлов суммасини қайтаришда;

- 176 тасининг 2,8 млрд. сўмлик солиқ қарздорлиги муддатини узайтиришда;

- 217 тасининг бошқа идора ва ташкилотларга боғлиқ бўлган муаммоларни бартараф этишда кўмаклашилди.

Мисол учун, Самарқанд шаҳридаги “Family park” масъулияти чекланган жамиятининг 6 миллиард 255 млн. сўмлик  манфий қўшилган қиймат солиғи суммаси корхона ихтиёрига қайтариб берилди. Жомбой туманидаги “Bradjus” масъулияти чекланган жамиятига қўлланилган таъсирчан солиқ механизмини тўхтатиш ҳамда ҳисобланган солиқларни  жамият ҳисоб рақамига қайтаришда кўмаклашилди.