Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Солиқчи қарздорликни ундириш ўрнига уни йўқ қилиш учун тадбиркордан пул талаб қилган

Оқдарё туманида ер ва мулк солиғи учун йиғиб олинган 55,9 миллион сўм нақд пул ўзлаштириб юборилган.

Давлат солиқ сиёсати ва бюджет тушумига масъул идора – солиқ хизмати органларини, афсуски, коррупциядан холи деб айта олмаймиз.

Масалан, Паст Дарғом тумани давлат солиқ инспекцияси ходими хизмат мавқеидан фойдаланиб, мулкий наф кўриш мақсадида фермер хўжалигининг 2,7 миллион сўмлик солиқ тўловларидан қарздорлигини йўқ қилиб бериши эвазига 1,5 миллион сўм пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган вақтда қўлга олинган.

Вилоят бўйича 4,2 миллиард сўмлик қўшимча манбалар солиқ базасига қамраб олинмаган. Жумладан, Самарқанд шаҳри ва Оқдарё туманида 1,1 миллиард, Каттақўрғон туманида 980 миллион, Иштихонда 602 миллион, Пайариқда 107 миллион, Паст Дарғомда 157 миллион, Нарпайда 46 миллион ва Каттақўрғон шаҳрида 5,8 миллион сўмлик солиқ ҳисобланиши ва ундирилиши мумкин бўлган объектлар рўйхатга олинмаган.

Вазифасини лозим даражада бажармаган соҳадаги айрим ходимлар юзага келган вазиятдан ўз манфаати йўлида фойдаланишга ҳаракат қилган.

Масалан, Пайариқ тумани давлат солиқ инспекцияси мутахассиси фуқарога тегишли базмгоҳ фаолиятига раҳнамолик қилиши эвазига 500 минг сўм пул маблағларини талаб қилиб, жиноий шериги орқали олган вақтида ушланган.

Бундан ташқари, Оқдарё тумани давлат солиқ инспекциясининг 6 нафар ходими ўзларига бириктирилган ҳудудларда яшовчи фуқаролардан 263 ҳолатда 55,9 миллион сўм пулларни ер ва мулк солиғи сифатида қабул қилган. Бироқ бу маблағларни белгиланган тартибда тижорат банкларига ёки давлат солиқ инспекцияси ғазнасига топширмасдан ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Пандемия муносабати билан берилган имтиёзлар ҳам тўлиқ қўлланмасдан 50 та субъектга қўйилган 12,3 миллион сўмлик инкассо топшириқномалари чақириб олинмаган. Нуробод, Каттақўрғон, Паст Дарғом, Пахтачи ва Тойлоқ туманларидаги бу ҳолат учун туман давлат солиқ инспекцияларининг масъул шахсларига нисбатан маъмурий ишлар қўзғатилган.

Зафар Ҳамдамов,

вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими АМИБ катта терговчиси.