Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Спортни сев, спорт билан яша!

Аралаш жанг санъати

Самарқанд шаҳрида спортнинг аралаш жанг санъати бўйича 16-17 ёшдагилар ва катталар ўртасида вилоят биринчилиги ўтказилди.

Мусобақада 120 яқин спортчи ғолиблик учун баҳс олиб борди. Якунда умумжамоа ҳисобида Самарқанд шаҳрининг иккита жамоаси биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллади. Учинчи ўрин Паст Дарғом туманининг “Арабхона” жамоасига насиб этди.

***

Армрестлинг

Самарқанд шаҳрида спортнинг армрестлинг тури бўйича 2000-2001 йилларда туғилган ўғил ва қизлар ўртасида вилоят чемпионати ўтказилди.

Унда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган 100 нафардан ортиқ иштирокчи куч ва маҳоратини кўрсатди.

Беллашув якунига кўра, умумжамоа ҳисобида Самарқанд шаҳри жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Каттақўрғон шаҳридан келган ёш армрестлингчиларга насиб этган бўлса, нурободликлар учинчи ўрин билан кифояланди.

*** 

Пенжак силат

Жомбой туман болалар-ўсмирлар спорт мактабида пенжак силат бўйича спорт мусобақаси ўтказилди.

100 нафардан ортиқ спортчи беллашуви якунида ургутликлар энг кўп медалга эга чиқди. Медаль жамғариш бўйича иккинчи ва учинчи ўринни Жомбой ҳамда Нуробод тумани спортчилари эгаллади.

Ҳ.Элтоев.

*** 

Баскетбол

Тойлоқ туманида 2006-2007 йилларда туғилганлар ўртасида баскетбол бўйича вилоят биринчилиги ўтказилди.

Мусобақа якунига кўра, умумжамоа ҳисобида Самарқанд шаҳрининг ўғил болалар жамоаси биринчи ўрин ғолиби бўлди. Тойлоқ тумани жамоаси иккинчи ва Булунғур тумани жамоаси учинчи ўринни эгаллади.

Қиз болалар жамоалари ўртасидаги беллашувда ҳам Самарқанд шаҳри жамоаси биринчиликни қўлга киритди. Иккинчи ўринни пахтачиликлар эгаллаган бўлса, учинчи ўрин иштихонликларга насиб этди.

***

Кураш

Пайариқ туман 2-сон болалар-ўсмирлар спорт мактабида маҳалла ёшлари ўртасида кураш мусобақаси ўтказилди.

Туман прокурори кубоги учун 80 нафар пайариқлик ёшлар ғолиблик учун беллашди. Мусобақа якунига кўра, Оққўрғон маҳалласи ёшлари кубокни олди. Гўзал ҳамда Маниобод маҳалласи ёш курашчилари иккинчи ва учинчи ўринни қўлга киритди.

*** 

Таэквандо WTF

Булунғур туман болалар-ўсмирлар спорт мактабида спортнинг таэквандо WTF тури бўйича мусобақа ташкил этилди.

Туман давлат солиқ инспекцияси кубоги учун ўтказилган очиқ чемпионатда булунғурликлар мусобақа ғолиби бўлди. Иккинчи ўринни тойлоқликлар эгаллаган бўлса, учинчи ўрин Самарқанд шаҳридан борган спортчиларга насиб этди.

Бекзод Аҳмедов.