Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ССВ: ШҲТ саммити меҳмонларига зарурий тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун "1303" қисқа рақамли Сall-марказ хорижий тилларда хизмат кўрсатади

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити доирасида мамлакатимизга ташриф буюрадиган чет эллик расмий делегация вакиллари ва меҳмонларга зарур ҳолатларда сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Самарқанд шаҳрида туну кун фаолият кўрсатувчи "1303" қисқа рақамли Сall-марказ фаолияти йўлга қўйилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар тарқатди.

Бу ерда мутахассислар томонидан инглиз, рус ва хитой каби хорижий тилларда тиббий мурожаатлар қабул қилинади.

Шунингдек, зарурат туғилганда, таркибида деярли барча ихтисосликлар бўйича мутахассислар жамланган 50 та тиббий бригада ШҲТ саммити делегациялари аъзоларига хизмат кўрсатиш учун шай ҳолатга келтирилган.

Бундан ташқари, ҳар бир делегация вакилларидан Самарқанд шаҳридаги меҳмонхоналарга жойлашишидан олдин коронавирусга қарши ПЗР тестлари олинади.

Шу мақсадда саммит иштирокчилари ва меҳмонлар жойлашадиган меҳмонхоналарнинг ҳар бирида тиббий мобиль гуруҳлар ташкил этилган.