Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Столбалар қамалган" даврда 8 йилга кесилган ургутлик собиқ терговчи оқланди

Туман прокуратурасида терговчи лавозимида фаолият юритган Отабек Мажидов кутилмаганда адолатсизликка учраб, ноҳақликнинг аччиқ таъмини татиб кўрди. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди кассация инстанциясининг яқинда бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида унга қўйилган айбловлар тасдиқланмади ва у оқланди.

Суднинг ҳукмида қайд этилишича, О.Мажидов туман прокуратураси терговчиси лавозимида ишлаш даврида, 2011 йил декабрь ойининг бошларида иш юритувида бўлган таълим ва фан ходимлари Ургут тумани бирлашган касаба уюшмалари қўмитаси мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини амалга оширган.

Тергов давомида у касаба уюшмалари қўмитаси билан молиявий алоқада бўлган «Обод маскан қурувчи» масъулияти чекланган жамиятининг мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатмаслик эвазига ушбу корхоналарни бошқарган Самарқанд шаҳридаги «Ёш туристчилар» меҳмонхонаси ижрочи директори Ф.Сайфуллаев (исм-шарифлар ўзгартирилди) дан тамагирлик йўли билан 300 АҚШ долларини пора тариқасида олганликда айбланган.

Бундан ташқари? О.Мажидов такроран ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2011 йил декабрь ойининг бошларида иш юритувидаги Таълим, фан ва маданият ходимлари туман бирлашган касаба уюшмалари қўмитаси мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини амалга ошириш давомида Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилояти кенгашининг мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатмаслик эвазига вилоят кенгаши раиси Ж.Исоқжоновдан 300 АҚШ долларини воситачи Ф.Сайфуллаев орқали тамагирлик йўли билан пора тариқасида олганликда айбланган.

Шу ўринда судланувчига тайинланган жазо миқдоридан ўқувчини хабардор этадиган бўлсак, О.Мажидов Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми (эски таҳрирдаги) «б» банди би¬лан Жиноят кодексининг 45, 57-моддалари қўлланиб, уч йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Суд унга нисбатан саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм чиқарган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди кассация инстанциясининг 2015 йил 10 декабрдаги ажрими билан суд ҳукмининг О.Мажидовга оид қисми ўзгартирилган. Судланувчининг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «а», «в» бандларига қайта малакаланиб, Жиноят кодексининг 45-моддаси қўлланилиб, уч йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш муайян ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. 2012 йил 5 декабрь, 2013 йил 12 декабрь ва 2014 йил 14 ноябрдаги амнистия актларига мувофиқ, асосий жазонинг ўталмаган қисми учдан бир қисмига қисқартирилган.

Собиқ терговчи ўзининг асоссиз судлангани ҳақида важларни келтириб, ўтган йили Олий судга назорат тартибида шикоят билан мурожаат қилди. Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати унинг шикоятидаги важларни ўрганиб чиқиб, вилоят суди кассация инстанциясининг 2015 йил 10 декабрдаги ажримини бекор қилди ва жиноят ишини янгидан кассация инстанциясида кўриш учун юборди.

Вилоят суди кассация судлов ҳайъати шикоятдаги важларни жиноят иши ҳужжатлари билан таҳлил қилиб, суд ҳукмининг О.Мажидовга оид қисмини бекор қилиш ва уни айбсиз деб топиб, оқлашни лозим топди.

Хўш, собиқ терговчининг оқланишига сабаб бўлган ҳуқуқий асослар нималардан иборат?

Бу ўринда биринчи галда Жиноят кодексининг 9-моддасига тўхталиш ўринлидир. Чунки кодекснинг ушбу моддасида шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмиши учунгина жавобгар бўлиши белгиланган.

Шунингдек, амалдаги Жиноят процессуал кодексининг 22-моддасида суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шартлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши шартлиги белгилаб қўйилган.

Шу каби процессуал қонун мезонлари ушбу кодекснинг 112-моддасида ҳам аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган. Мазкур моддага мувофиқ, гумон қилинувчининг у содир этган жиноят ҳақидаги кўрсатмалари ва айбланувчининг ўз айбига иқрор бўлиши, бу иқрор бўлиш мавжуд далиллар мажмуи билан тасдиқланган тақдирдагина уни айблаш учун асос қилиб олиниши, гумон қилинувчи ва айбланувчининг берган кўрсатмаси билан аниқланган ҳолатлар, айбланувчи ўз айбига иқрор бўлган тақдирда ҳам, ўзининг айбдор эканлигини инкор қилган тақдирда ҳам ишнинг ҳамма ҳолатлари билан боғланган ҳолда бошқа далиллар каби текшириб чиқилиши ва баҳоланиши лозим.

Бу ҳақида фикр юритганда, Олий суд пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги «Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори 1-бандида ҳам тегишли раҳбарий тушунтиришлар берилганини таъкидлаш лозим.

Энди судланган О.Мажидов масаласига қайтадиган бўлсак, биринчи босқич суди юқорида келтирилган моддий ва процессуал қонунлар талаби ҳамда Олий суд пленуми қарорлари раҳбарий тушунтиришларига риоя этмаган. О.Мажидовни айблаш учун фақатгина гувоҳлар Ф.Сайфуллаев ва Ж.Исоқжоновнинг кўрсатмаларини асос қилиб олган. Аммо гувоҳларнинг кўрсатмалари иш бўйича тўпланган ва судда аниқланган қайси мақбул далиллар билан тасдиқланиши асослаб берилмаган.

Суд ҳукмида О.Мажидов Ф.Сайфуллаев ва Ж.Исоқжоновга нисбатан жиноят иши қўзғатмаслик эвазига Ф.Сайфуллаев орқали 2011 йил декабрь ойининг бошларида 600 АҚШ долларини пора тариқаси олганликда айбдор деб топилган.

Бироқ бу шахслардан пора талаб қилинганлиги ҳақида аудио ёки видео ёзувлар, шунингдек, бошқа мосламалар орқали олинган далиллар билан О.Мажидовнинг айби исботланмаган.

Жиноят иши ҳужжатларида О.Мажидовнинг айбига иқрорлик ҳамда бошқа шахсларнинг унга пора берганлик ҳақидаги кўрсатмаларидан ташқари Бош прокуратура, Олий суд, МХХ ва ИИВ томонидан 2014 йил 23 июнь куни тасдиқланган «Порахўрлик жиноятлари ҳақидаги ариза ва хабарларни кўриб чиқиш, бу тоифадаги жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўришда қонун талабларига риоя қилинишини таъминлаш бўйича» қўшма кўрсатмада белгиланган шахсга нисбатан айб эълон қилишга асос бўлган объектив далиллар мажмуини ташкил этувчи бирон-бир аниқ мезон мавжуд эмас.

Кассация судлов ҳайъати жиноят ишидаги фақатгина иқрорлик кўрсатмалари ҳамда шубҳа ва гумонлардан иборат ҳолатлар О.Мажидовни жиноятни содир этганликда айблаш учун асос бўлолмайди, деган аниқ тўхтамга келди. Бундай ҳолатда суд ҳукмининг О.Мажидовга оид қисмини қонуний, асосли ва адолатли деб бўлмайди.

Судлов ҳайъати ажрими билан О.Мажидов Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми (эски таҳрирдаги) «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир этмаган деб топилиб, Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан оқланди.

Баҳодир Алиқулов,

Самарқанд вилояти суди судьяси,

Абдуҳамид Худойбердиев,

журналист.