Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Судьялар университетга нега борди?

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди судьялари М.Тўхтаев, Б.Алиқулов ва Б.Жумабоевлар Самарқанд давлат университети талабалари билан учрашиб, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш хусусида суҳбат ўтказди.

Учрашувда Самарқанд вилояти суди судьяси Б.Алиқулов сўнгги йилларда ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий онги ва маданиятини ривожлантириш, уларни ватанпарвар, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилгани ҳақида батафсил ахборот берди.

- Тенгдошларингиз орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари учраётганига ҳеч биримизнинг бефарқ бўлишга ҳаққимиз йўқ, - деди Б.Алиқулов. – Хусусан, жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судлари томонидан 2019 йилда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 1 545 нафар шахсга нисбатан 1 304 та иш кўрилганлигининг ўзи ҳам ташвишланарли ҳолат.

Шунингдек, учрашувда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олиш масаласи бугунги кунда Ёшларга оид давлат сиёсатининг долзарб йўналишларидан бири эканлиги, шу маънода ўқув юртлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий онги ва маданиятини ривожлантириш юзасидан самарали ишларни амалга оширилиши зарурлиги ҳақида тўхталиб ўтилди.

Учрашув якунида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди ҳамда судьялар фаол талабаларга бадиий китоблар совға қилишди.

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди.