Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Суперлигани мақсад қилган «Юниред». Словакиялик инвестор Самарқандда қандай жамоа яратмоқчи?

Тадбиркор Лазиз Раҳматов ва унинг  турмуш ўртоғи, словакиялик Люсия Шчипова Самарқандда хусусий футбол клубига асос солди. Икки йил аввал ташкил топган жамоа яқинда Ўзбекистон кубоги учун кечган баҳсларда яхши ўйини билан мухлислар олқишини олди.

«Юниред» 2021 йилда Самарқанд чемпиони бўлди. Бироқ Сурхондарё мезбонлик қилган «пулька» ўйинларида омад бироз етишмади. Клуб кучли "учталик"ка кира олмади.

ПФЛ матбуот хизмати «Юниред»ни мухлисларга яқинроқ таништириш мақсадида жамоа президенти Л.Шчипова билан кичик суҳбат қилди. 

- Кўп йиллар Бирлашган Қиролликда ишлаганман. Турмуш ўртоғим билан ҳам ўша ерда танишганмиз. Оила қурганимизга 14 йил бўлди. Сабина ва Амир исмли икки фарзандимиз бор, - дейди Люсия. - Мен Ўзбекистонни ёрқин келажакка эга давлат деб биламан. Фарзандларим шу юртда катта бўлишини истайман. Ўзим ҳақимда тўхталсам, жисмоний тарбия бўйича малакали ўқитувчи мақомига ҳамда магистр даражасига эгаман. Биз 2017 йилда Ўзбекистонга кўчиб келдик ва бир йил ўтиб, хусусий мактаблар очишни бошладик.

- Футбол бўйича Ўзбекистон кубоги ва Биринчи лига ҳақида фикрларингиз қандай?

- Ўзбекистон кубогининг саралаши жуда яхши ташкил этилди. Мусобақа жамоамиз учун катта мотивация берди. Биз Биринчи лига жамоаларига қарши ўйнаб, улардан нимани кутиш мумкинлигини кўриб олдик.

«Юниред» саралашнинг илк ўйинида ажойиб камбэк намойиш этди. Уйчининг «Пахтакор-79» клуби илк бўлимда 2 та гол фарқи билан олдинга ўтиб олганди. Иккинчи бўлимда биз уларга 4 та гол билан жавоб қайтардик - 4:2. Кейинги учрашувда «Шаҳрихончи» таслим этилди - 3:2. Бироқ ҳал қилувчи ўйинда «Юниред» Андижоннинг бошқа бир жамоаси «Андижон II»га имкониятни бой берди - 0:1.  

Биз дуч келган энг катта қийинчилик - январда 8 нафар футболчимиз жамоани тарк этгани бўлди. Улардан 6 нафари «Динамо» жамоасига йўл олди. Бизда уларнинг ўрнини тўлдириш учун вақт жуда оз эди. Бошқа томондан бош мураббий Алишер Латипов ва ёрдамчиси Сулаймон Абдуллаевнинг қисқа вақтда қилган ишларидан мамнунман: улар ёш футболчиларни тезкор галдаги ўйинларга тайёрлай олди. Мен жуда оптимистман, мавсум сўнгида жамоам Про-лига йўлланмасини қўлга киритади, деб умид қиламан.

Яқин 4 йил ичида Ўзбекистон футболи ва таълимига бир неча миллион доллар сармоя киритишни режалаштирганмиз. Шу асосда Самарқандда Европа стандарти бўйича стадион қуриш ва футбол академиямизни кенгайтиришни давом эттириш ниятимиз бор. Ва албатта, «Юниред»ни Суперлигада кўриш бош мақсадимиз.