Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сурункали ёмғир, сел, тошқин оқибатлари қандай бартараф этиляпти?

Вилоят Матбуот уйида журналистлар ва блогерлар учун ташкил этилган анжуманда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умид Аҳроров шу саволга жавоб берди. Тошқин, сел ва кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш тўғрисида гапирди.

- 2-3 кундан бери тинимсиз ёғаётган ёмғир вилоятимизнинг айрим ҳудудларида сел ва тошқинларни келтириб чиқарди, - дейди Умид Аҳроров. – Бундай ҳолат Ургут, Булунғур, Қўшработ, Оқдарё, Паст Дарғом туманлари, шунингдек, Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида кузатилди. Мавсумнинг ёғингарчилик даврида кутилмаган ҳодисаларини олдини олиш мақсадида вилоятда тезкор штаблар ташкил этилди.

Вилоятнинг сел келиш хавфи мавжуд бўлган Ургут туманида 8 та, Самарқанд туманида 2 та, Нуробод туманида 4 та ва Қўшработ туманида 3 та, жами 17 та назорат-кузатув постлари ташкил этилиб, барчаси алоқа воситалари билан таъминланди. Фавқулодда вазиятлар ва ички ишлар бошқармалари билан ушбу постлар ўртасида тезкор вазият бўйича мунтазам алоқа алмашинуви йўлга қўйилди.

Вилоят гидрометериология маркази томонидан 11-16 март кунлари сурункали ёмғир ёғиши айрим ҳудудларда сел ва тошқинларни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида маълумотлар тарқалган эди. Шу сабаб мутасадди ташкилотлар томонидан зарур чоралар кўриб қўйилган.

Айни пайтда тезкор штабларга сел босган ҳудудларда яшовчи аҳоли томонидан кунига йигирмадан зиёд мурожаат қабул қилиняпти. Жумладан, 15 март куни Самарқанд шаҳридаги "Шодиёна", "Суғдиёна" каби маҳаллалар, Кимёгарлар шаҳарчасида жойлашган 7 та кўча, 8 та хонадонни сув босди. Айрим кўп қаватли уйларнинг ертўлалари ҳам сувга тўлган. Шунингдек, Булунғур туманидаги Амир Темур номли, Каттақўрғон туманидаги "Мойбулоқ", Оқдарё туманидаги "Бозоржой" ҳамда Паст Дарғомдаги қатор маҳаллалардаги кўча ва йўллар, хонадон ва томорқаларга сув чиқиб кетганлиги маълум бўлди. Сув йўлида жойлашган хонадонларда яшовчилар хавфсиз жойга олиб чиқилиб, уларга шарт-шароитлар яратилди.

-  Юз берган вазиятни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда аҳоли хонадонларига талафот етказмаслик мақсадида бошқармамизда 10 та махсус гуруҳ ташкил этилган, - дейди У.Аҳроров. – Ҳозиргача сув босган кўча ва йўллар, 10 дан зиёд хонадон ва ертўлаларда тўпланиб қолган сувлар чиқариб ташланди. Ҳозиргача бирорта фуқаронинг ҳаёти ва саломатлигига зарар етказилмади.