Суюлтирилган газ бўйича 148,3 миллион сўмлик муаммо қатор саволларни келтириб чиқармоқда

Тергов маълумотларига кўра, Нурободда суюлтирилган газ сотувидан тушган 148,3 миллион сўм маблағ ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган. Савол - “пулни ким олди?” эмас, балки “шунча маблағ қандай назоратдан четда қолди?”. Майли бошқасига жавоб беришсин - суюлтирилган газ тарқатишда нақд пул билан савдо қилиш амалиёти ҳалиям борми?

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Нуробод тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Нурободтумангаз” масъул шахслари газ сотишдан тушган 148,3 миллион сўмни банкка топширмасдан, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Тўғри, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси - ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда 209-моддаси —-мансаб сохтакорлиги бўйича жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Бу ерда занжирнинг бир нечта бўғини бор: газнинг чиқарилиши, сотилиши, пулнинг қабул қилиниши, ҳисобга олиниши ва банкка топширилиши. Агар ушбу жараёнларнинг барчаси белгиланган тартибда назорат қилинган бўлса, маблағнинг банкка топширилмай қолиши қандай содир бўлди?
Агар назорат автоматик ёки электрон тизим орқали амалга оширилса, нима учун бу тафовут ўз вақтида аниқланмади?
Агар назорат инсон омилига боғлиқ бўлса, масъул ходимларнинг ҳисоботлари ким томонидан текширилди?

Бу саволларнинг ҳар бири битта хулосага олиб келади: масала фақат маблағни ўзлаштирган шахсларда эмас, балки назорат тизимининг қай даражада ишлаётганида ҳам.
148,3 миллион сўм аҳоли эҳтиёжи учун муҳим бўлган маҳсулот савдосидан тушган маблағ. Шунинг учун унга шунчаки “камомад” деб қараш ноўрин эмасми?
Агар маблағ бир неча кун ёки ой давомида банкка топширилмай келган бўлса, савол янада жиддийлашади. Чунки бу ҳолатни бухгалтерия, ички аудит, раҳбарият ёки бошқа назорат механизмларидан ҳеч бири сезмаганми?

Ёки сезган бўлса, нима учун чора кўрилмаган?
Мантиқий савол туғилади - балки суюлтирилган газ шу тахлит нақд пулга сотиб юборилаётгани учун жойларда аҳолига кечикиб келаётгандир?

Воқелик яна бир муҳим масалани кун тартибига чиқаради:
Суюлтирилган газ учун аҳолидан тўлов қандай шаклда қабул қилинади? Нақд пул билан савдо қилиш амалиёти ҳали ҳам борми?
Ва энг муҳими - бундай ҳолат яна такрорланмаслиги учун нима ўзгаради?