Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Табиат синови қимматга тушди

Кеча, якшанба куни содир бўлган кучли шамол Самарқанд шаҳри, Спитамен шоҳкўчасида жойлашган 159-А уйнинг том қисмини учириб юборди. 70 га яқин оила истиқомат қилувчи мазкур кўп қаватли уйнинг бир қисми (собиқ Самарқанд автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежининг ётоқхонаси)ни таъмирлаш Паст Дарғом туманидаги «Темур Малик строй» МЧЖнинг 200 нафарга яқин қурувчилари томонидан амалга оширилаётган эди...

- Уйнинг собиқ ётоқхона, аҳоли яшаётган хонадонлар том қисмини янгилаш ишлари январь ойида бошланган эди, - дейди қурилиш корхонаси раҳбари Феруз Зокиров. – Собиқ ётоқхона том қисмида ишларни якунлаб, кўп қаватли уйнинг томини ҳам ёпиб бўлаёзган эдик. Фақат томнинг ғарб томонга қараган энг чекка бир қисмида эски шиферлар тахланиб турганлиги сабабли шу жойни ёпишга улгурмагандик. Тўсатдан кўтарилган кучли шамол ёпқичларни кўтариб ерга улоқтириб ташлади. 

Табиий офат қурувчилар учун 100 миллион сўмдан ортиқ зиён келтирди. Айни пайтда қурувчилар шамол учириб кетган 2000 квадрат метр майдонни қайтадан ёпмоқда. Том ёпиш ишлари уч кун ичида якунланади. 

Кучли шамол оқибатида электр энергияси таъминотида ҳам узилишлар содир бўлди. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги юқори кучланишли тармоқнинг тўртта симёғочи қулаган.             

- Ўша пайтда Самарқанд шаҳри аҳолисининг учдан бир қисми яшайдиган маҳаллалар электрсиз қолди, - дейди “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятининг Самарқанд шаҳар электр тармоқлари бўлими бошлиғи Комилжон Оқилов. – “Афросиёб-Шердор” йўналишидаги 35 киловольтли, юқори кучланишли кабеллар ортиқча юклама туфайли ишдан чиққанлиги сабаб 6 та маҳаллада, 35 та трансформатор пунктида узилиш содир бўлди. Кимёгарлар шаҳарчаси, 29-даҳа, Матонат маҳалласи ҳамда Бедил кўчасида дарахт қулаши оқибатида электр симларига зарар етди. Навбатчи бўлинмаларимиз 9 февраль куни кечгача барча камчиликларни бартараф этди.

Шу куни Булунғур, Тойлоқ ҳамда Каттақўрғон туманларида қулаган ўнлаб симёғочлар бетон устунларга алмаштирилди. Ургут туманида электр тармоқларини таъмирлаш ишлари бугун ҳам давом эттирилди. Туманда зарар етган ўнлаб километр узунликдаги юқори ва паст кучланишли электр тармоқлари ва 20 га яқин трансформатор пунктлари реконструкция қилиниб, уларни ишга туширишга ҳозирлик кўрилмоқда.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.