Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тадбиркор нега ўз фаолиятини тўхтатди?

Нарпай туманида фаолият кўрсатаётган саноат корхоналари асосан оҳак, гипс маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келмоқда. Бироқ бугунги кунда мазкур корхоналар табиий газ таъминотидан узиб қўйилган. Шу сабабли уларнинг фаолияти тўхтаб қолган.

Ёки Нуробод туманидаги «Tehno stoun» масъулияти чекланган жамияти шебен ва мармар қазиб олиш фаолияти билан шуғулланиш мақсадида давлат рўйхатидан ўтган. Бироқ ушбу тадбиркорлик субъекти Давлат геология қўмитасидан лицензия ололмаган, шу боис фаолияти тўхтаб турибди.

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 65-сессиясида таъкидланишича, вилоят бўйича 2017-2018 йилларда давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлик субъектларидан юқорида номлари келтирилган хўжалик юритувчи корхоналар каби 907 таси ҳанузгача ўз фаолиятини бошламаган. Ҳудудлар кесимида олганда бундай тадбиркорлик субъектлари Самарқанд шаҳри, Ургут, Пайариқ, Паст Дарғом, Қўшработ ва Каттақўрғон туманида кўп.

Шунингдек, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра вилоятда 13 минг 341 тадбиркорлик субъекти ўз фаолятини тўхтатган. Уларнинг 4 минг 702 таси юридик, 8 минг 639 таси якка тартибдаги тадбиркорлардир.

Тўғри, ушбу тадбиркорлик субъектларининг айримлари солиқ тизимидаги ислоҳотлар билан боғлиқ сабабларга кўра фаолиятини тўхтатгандир. Балки тадбиркорга тўсқинлик қилинган масалаларнинг аксарияти республика даражасида, яъни вазирлик ва идоралар томонидан ҳал этилар, аммо масаланинг ижтимоий аҳамияти, жумладан йўқотилиши мумкин бўлган иш ўринлари масаласи уларнинг фаолиятини алоҳида эътибор қаратишни тақозо этмайдими? Бу борада вилоят ва туманлардаги тадбиркорликни ривожлантиришга бевосита масъул бўлган раҳбарлар бош қотириши, тадбиркорга кўмак бериши керак эмасми?