Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тадбиркорларга давлат тили бегона(ми?)

Аввал хабар берганимиздек, вилоятимизда ташқи реклама воситаларининг, жумладан, пешлавҳа, нархнома, эълон ва бошқа ахборот матнларининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 20-моддасига мувофиқлиги ўрганиб борилмоқда.

Навбатдаги ўрганишлар 23 февраль куни Паст Дарғом, Нарпай ва Иштихон туманларида олиб борилди. Аввало, ишчи гуруҳлар тадбиркорлик субъектларига давлат тилида иш юритиш бўйича тарғибот-ташвиқот қилмоқда, тушунтириш бермоқда. Шунингдек, давлат тили қоидаларига мос келмайдиган 100 га яқин пешлавҳа, нархнома, эълон ва бошқа ахборот матнлари олиб ташланди.

Давлат тилининг нуфузи ва мавқеини ошириш бўйича Юртбошимиз томонидан бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Мутасаддилар томонидан жойларда мунтазам тарғибот-ташвиқот, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Давлат раҳбарининг 2020 йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ҳамда 2021 йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида давлат тилида нутқ сўзлади. Бу эса ҳар бир Ватандошимиз қалбида юксак фахр ва ғурур туйғусини уйғотиши билан бир қаторда, миллий тилимизни бутун дунё тан олаётганлигидан далолат беради.

 Лекин баъзи тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи субъектлар томонидан ташқи реклама воситаларини жойлаштиришда тегишли ташкилот ва идоралар билан шартномалар тузмасдан, пешлавҳа, нархнома, эълон ва бошқа ахборот матнларини ажнабий тилларда, давлат тилида бўлганларини эса имло хатолари билан ёзиб, қонун талабларини қўпол равишда бузиб келмоқда. Бу каби хатоликлар давлат тилининг мавқеига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди.

Бугунги кунда Президентимиз томонидан тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилмоқда. Шундан оқилона фойдаланишда тадбиркорларимиз маҳсулотини тарғиб этиш билан боғлиқ пешлавҳа, нархнома, эълон ва бошқа ахборот матнларини жойлаштиришда давлат тили қоидаларига риоя этишга қатъий эътибор қаратса маъқул бўларди. Зеро, тил – миллат кўзгуси.

Шерали Темиров,

Самарқанд вилояти ҳокими маслаҳатчиси.