Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Такси нархи нега 5 минг сўм бўлди?

Кейинги пайтда шаҳар ичида йўловчиларга хизмат кўрсатаётган «сариқ» таксиларнинг кира ҳақи 5 минг сўмга кўтарилгани ҳақида ҳар хил гап-сўзлар тарқалмоқда. Хўш, бу нарх йўловчиларга қанчалик маъқул келмоқда?

Мижозлар фикри:

- Сал илгарироқ такси ҳақи 3 минг сўм эди. Кейинчалик 4 минг сўмга чиқди. Ҳозир қаерга борманг 5 минг сўм тўлаяпмиз.

- Қишлоқдан шаҳарга 4 минг сўм билан келамиз. Шаҳарда таксилар бир қадам юрса ҳам 5 минг сўм олишини кўриб ҳайрон қолдик.

- Автобусларни тушунса бўлади, аммо таксиларнинг кира ҳақи бунчалик тез ошиши инсофданмикан? Нархни ким белгилайди? Назорат қиладиган идора борми ўзи?

Тўғри фикрлар, ҳақли эътирозлар.

Ҳар куни ишга ёки ўқишга борувчилар манзилга ўз вақтида, бехавотир етиб боришни ўйлайди. Бунинг учун ҳар ким эҳтиёжи ёки моддий имкониятидан келиб чиқиб улов танлайди. Шубҳасиз, вақти тиғиз кишилар такси ёки йўловчи машиналарни афзал билишади.

Хуллас, ҳар қандай вазиятда кўпчилик, гарчанд кира ҳақи қиммат бўлса ҳам йўналишсиз таксиларга мурожаат қилади.

Биз йўловчилар фикридан келиб чиқиб ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида вилоят транспорт бошқармаси мутасаддиларига мурожаат қилдик.

- Бугунги кунда йўналишсиз такси бўйича 198 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Шундан 115 таси Самарқанд шаҳрида жойлашган бўлиб, улар ҳисобида 3233 та автомобиль бор. Умуман, вилоятимизда ҳозир жами 4632 та йўналишсиз такси мавжуд, - дейди бошқарма лицензиялаш бўлими бошлиғи Анвар Ражабов. – Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш қоидаларини ҳамда автобусларда йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир талабларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори, мазкур ҳужжат асосида «Автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш қои­далари»да уларнинг фаолияти тартиби белгиланган. Қоиданинг 99-бандида йўналишсиз таксиларнинг йўловчилар ва багажни ташиш тарифлари миқдори ташувчи томонидан белгиланиши кўрсатилган. Ташувчи бу юқорида санаб ўтилган лицензияга эга бўлган якка тартибдаги тадбиркорлик корхоналари ҳисобланади. Шунга кўра, кира ҳақини сарф-харажатдан келиб чиқиб ҳар бир ташкилотнинг ўзи белгилайди.

Мутахассиснинг фикрини инкор этмаган ҳолда кира ҳақининг фақат Самарқанд шаҳрида оширилганлигига таажжубланасан, киши. Ваҳоланки, ҳар қандай йўловчига ҳозирги нарх қимматлик қилишини ҳеч ким инкор этмайди. Агар бошқа жойлар билан таққослаб кўриладиган бўлса, масалан, Жиззах шаҳрида таксилар кира ҳақи 2,5-3 минг сўмдан ошмайди. Шаҳрисабз, Қарши шаҳарларида ҳам шу нарх. Тошкентни оладиган бўлсак, шаҳарнинг у четидан бу четигача арзимаган пул билан бориш мумкин. Борди-ю, ҳайдовчига узоқроқ манзилни айтсангиз, сизга маъқул нархни таклиф қилади. Самарқандда-чи? Беш юз метр юрсангиз ҳам 5 минг сўм, шаҳар четроғига чиқмоқчи бўлсангиз 8-10 минг сўмингизни қуртдек санаб олишдан қайтмайди.

Бизда транспорт хизмати кўрсатаётган корхоналар бошқаю, республикамиздаги шаҳарлардаги таксичилар бошқами? Белгиланган тарифлар ҳамма жойда бир хил эмасми?

Назаримизда, йўналишсиз таксиларда транспорт хизмати кўрсатиш ўз ҳолига ташлаб қўйилган кўринади. Транспорт бошқармаси белгиланган қонун-қоидадан чиқмаса, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари масалага кескин баҳо бермаса, солиқ ва молия идоралари ҳолатни хаспўшлашдан нарига ўтмаса келгусида бу иллат катталашиб, ярага айланиши, якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланувчи корхоналар ўз билганича иш тутиши турган гап. Аслида дунё нигоҳида турган, туризм марказига айланаётган Самарқанд шаҳрида таксилар хизмати ҳам, таксичиларнинг хатти-ҳаракати ҳам шунга мос бўлиши лозим. Ваҳоланки, кира ҳақини ўзгартирган корхона ўзига тегишли таксиларга амалдаги нархни ёзиб қўйиши, корхона манзили, ҳайдовчининг исм-шарифи, телефони бўлган бейжик осиғлиқ туриши даркор. Ўзгарган кира ҳақи ҳақидаги корхона буйруғи (сабаблари кўрсатилган ҳолда, албатта) осилган, барча ҳайдовчилар таништирилган бўлмоғи лозим.

- Биз йўналиш таксиларда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи барча ташкилот раҳбарларига огоҳлантирувчи хат билан чиққанмиз, - дея сўзини давом эттиради Анвар Ражабов. – Бу моддий-техник базани яхшилаш, автотранспорт воситаларини техник ва ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, ҳайдовчининг саломатлиги, алкоголь истеъмол қилмаганлиги, тоза-озода кийинганлиги, соч-соқолининг олинганлиги, йўловчилар билан хушмуомала бўлишини ўз ичига олади.

Шунингдек, огоҳлантириш хатида Вазирлар Маҳкамасининг номи юқорида зикр этилган қарори талабларини бажариш мақсадида ҳар бир йўналишсиз таксининг салонида йўловчиларга кўринадиган жойда корхонанинг ички сарф-харажатидан келиб чиққан ҳолда йўловчи ташиш тарифи тўғрисидаги калькуляциянинг тасдиқланган нусхаси бўлишини таъминлаш ҳам асосий вазифа сифатида белгиланган.

Биз мазкур огоҳлантириш хати билан танишдик. Унинг 12-пунктида шундай жумлаларни ўқидик:

Йўловчилардан йўл ҳақини олишда қайтимни тўлиқ ва фақат пул кўринишида қайтарилиши ҳамда чек берилишини таъминлаш зарурлиги ҳам қайд этилган.

Чек бериш деганда нима назарда тутилаётгани аён. Демак, барча таксиларда таксометр бўлиши шарт. Афсуски, шаҳарда ҳаракатланаётган бирорта таксида таксометрни кўрмайсиз. Борлари ҳам яроқсиз, ишламайди.

Яна бир мулоҳазамизни айтмасак бўлмайди. Тўғри, такси ҳайдовчилар орасида ўз касбини ва йўловчиларни ҳурмат қиладиган, хушмуомала, ораста кийингани кўп, албатта. Аммо баъзи машиналар ҳолати киши ҳафсаласини пир қилади. Машина салони кир-чир, муомаласи йўқ, сигарета ёки нос чекадиган, кийим-бошига қараб бўлмайдиган ҳайдовчилар ҳам, афсуски, истаганча топилади.

Хуллас, шундан кейин машинага ўтирган сайёҳ ёки меҳмон биз, самарқандликлар ҳақида қандай тасаввурга эга бўлади? Хўш, уларни ким назорат қилади? Ҳар кун ишга йўлланма берадиган корхоналар раҳбарлари эмасми?

- Нархдан тортиб, йўналишсиз таксиларда хизмат кўрсатувчи корхоналарда юз бераётган тартибсизликларга сира тоқат қилолмайман, - дейди номини ошкор қилмаслигимизни илтимос қилган ҳайдовчи. – Бир кунлик тўловларда туман билан шаҳар ўртасида жуда катта фарқ бор. Тумандагилар йўлланма учун кунига 20 минг сўм тўлов қилса, биз 40 минг сўмдан кўп тўлашга мажбурмиз. Ёки бир ойда 600 минг сўм режа белгиланган. Яқинда корхона билан бир ҳайдовчи ўртасидаги шартномага кўзим тушди. Унда бир ойлик режа 400 минг сўм деб қайд қилинган. Ҳар бир ташкилотда камида 200-300 тадан такси борлигини назарда тутадиган бўлсак, қолган 200 минг сўм қаерга сарфланмоқда, билмадим. Буни ким назорат қилади?

Бунинг устига ҳайдовчиларга иш стажи ёзилмайди. Эртага пенсия ёшига етсак бу ёғи нима бўлади?

Ҳа, савол кетидан саволлар туғилмоқда.

Таксилар баҳонасида биз «Самарқанд шаҳрида кўпинча кечки пайтларда автобусларнинг камайиб қолиши сезилмоқда. Нега шундай?» деган савол билан ҳам қизиқдик.

- Ҳозир шаҳар ичида 53 та автобус йўналиш бўйича ҳаракатланмоқда, - дейди бошқарма бўлим бошлиғи Эргаш Муродов. – Уловларнинг деярли барчаси хусусий корхоналарга тегишли. Автобусларнинг кечки пайтларда ҳам тўлиқ қатновини амалга ошириш сарф-харажатларнинг ошиб кетиши билан изоҳланади. Шунга қарамай, айни пайт­да мавжуд транспорт воситаларининг 20-30 фоизи навбатчи сифатида хизмат қилмоқда. Йўловчилар талабини тўла қондиришнинг эса ҳозирча имкони йўқ. Бунинг учун зарар билан ишлаётган хусусий корхоналар харажати маҳаллий бюджет ҳисобидан қопланиши даркор. Йўлларнинг ўйдим-чуқурлиги, тирбандлик, йўловчиларнинг нисбатан камлиги, графикка ҳам, хизматни тўла амалга оширишга ҳам халақит бермоқда. Келгусида бу ишлар тўла йўлга қўйилади, албатта.

Демак, ҳали бу борада тўла тартиб ўрнатилишини узоқ кутишимизга тўғри келар экан. Афсус…

Адҳам ҲАЙИТОВ,

«Зарафшон» мухбири.