Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Талаба ўқишга велосипедда қатнаса бўлмайдими?

Бир пайтлар газета саҳифаларида латифанамо гаплар пайдо бўлганди. Институт ҳовлиси талабаларнинг машиналари билан тўлгани учун кечроқ келган устозлар ўз автомашиналарини қаерга қўйишни билмай сарсон бўлишарди... Бу бироз кинояли, аслида ҳақиқатга яқин воқелик.

Бугун эса вазият ўзгарди. Талабаларнинг ўзлари таълим муассасаси раҳбариятидан шахсий автомобилларини жойлаштириш учун институт ҳовлисидан жой талаб қилмоқда. Шунингдек, таълим муассасасининг кириш дарвозаси олдида қаторлашиб турган автомашиналар карвони ноқулайликларни юзага келтириб, йўл ҳаракатига ҳам, пиёдаларга ҳам халақит қилаётгани тўғрисидаги мақола (вилоятдаги бир нечта таълим муассасаси мисолида) “Zarnews.uz” сайтида эълон қилинганди.

Тан олиш лозим, Самарқанд ветеринария медицинаси институтига олиб борувчи Фитрат ва Нодирабегим кўчаларида жойлашган олийгоҳнинг икки асосий дарвозаси олди қисми “автотураргоҳ”га айланган. Ҳатто Мирзо Улуғбек кўчасига туташувчи 8 метрлик икки томонлама йўлнинг ҳар икки томонида эрта тонгдан то кечга қадар машиналар қаторлашиб туради. Бу автомашиналар шу кўчада жойлашган ташкилот ходимлари, талабалар ва устозларга тегишли.

Институт ректори, профессор Х.Юнусов бу вазиятни шундай баҳолайди:

- Имкониятларимизни чамалаб, биз айни кунда институт ҳудудига 65 тагача автомашина кириши мумкинлигини аниқладик. Шунингдек, кимларнинг автомашинаси институт ҳудудидаги автотураргоҳга киритилиши бўйича ҳам алоҳида 4 та - ёши 70 дан ошган устоз-мураббийлар, уруш қатнашчилари ва ногиронлар, кун бўйи (соат 09:00 дан кеч соат 18:00 гача) ишлайдиганлар, олийгоҳга келувчи меҳмонлар учун захира жой тоифалари ишлаб чиқилди.

Ваҳоланки, институтнинг умумий ер майдони 14,2 гектарни ташкил этади. Белгиланган тартиб қоидалар бўйича таълим муассасанинг ҳар бир кафедраси учун ҳудудда тажриба майдончаси, виварий (ҳайвонлар клиникаси), қўшимча бинолар бўлиши керак.

Шунингдек, ҳудудда иккита талабалар турар-жойи жойлашган. Бинолар, йўлаклар атрофида 400 тупдан ортиқ кўп йиллик чинорлар бор, уларнинг ёши камида 200 йиллик. Арчазорлар ҳам теварак-атроф ҳавосини мусаффо сақлайди. Атрофдаги турар-жойларда яшовчи аҳоли ҳам кечки пайт институт ҳовлисида айланиб, ҳордиқ чиқаради, болалари билан сайр қилади. Соя-салқин жойлар, сокинлик ва тоза ҳаво кўпчиликни ўзига тортади.

Кейинги йилларда институтнинг тарихий кўринишини асл ҳолича сақлаб қолиш ҳаракати амалга оширилмоқда.

Бу масала юзасидан жаҳон тажрибасига эътибор бериладиган бўлинса, Ломоносов номидаги Москва давлат университети ҳудуди автомашиналардан мутлақо холи. Чунки университетда соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилинади ва вақтни тўғри тақсимлашга эътибор қаратилади. МДУ атрофидаги кичик майдонда 7 қаватли пуллик автотураргоҳ ташкил этилган. Ажабланарлиси, бу тураргоҳнинг 3 та қавати ер остида қурилган. Тўловларда ҳеч кимга, ҳеч қандай имтиёзлар берилмаган, нархлар анча қиммат. Талабами, устозми, хизматчими, автомашинасини қўйгани учун соатига ҳақ тўлайди.

Муаммони Германия, Франция, Италия давлатлари мисолида олсак, уларнинг ҳеч бирида талабалар шахсий автомобилларда ўқишга келмайди. У ерларда талаба ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам сифатида эътироф этилади. Европада жамоат транспортлари ёки велосипедлар кенг қўлланилади.

Бизда эса бошқачароқ. Албатта, талабаларнинг барчасида шахсий автомобил йўқ. Аммо олий таълим муассасалари атрофидаги йўлларнинг автомобиллар ҳисобига тўсилиб қолаётгани, бунинг эвазига пиёдалар ва автомашиналарнинг ҳаракати чекланиб, баъзи ҳолларда йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлаётгани ҳам бор гап.

Хўш, нима қилиш керак? Автомашиналардан воз кечиб, велосипедларда ўқишга қатнаймизми?

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.