“Таълим ва касб – куз 2024” XXVI халқаро кўргазмаси Самарқандда
Самарқанд шаҳридаги "Ипак йўли" туризм ва маданий мерос халқаро университетида “Таълим ва касб – куз 2024” XXVI халқаро кўргазмаси ўтказилди.
Ёшлар ишлари агентлиги, “MY FAIR” масъулияти чекланган жамияти ҳамда бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида республикамизнинг беш ҳудудида ўтказилиши белгиланган халқаро кўргазма Самарқандда ҳам юқори савияда ташкил этилди. Унда 15 дан ортиқ хорижий давлат нуфузли олий таълим муассасалари иштирок этди.
– Муассасамиз Марказий Осиёда ягона таълим даргоҳи бўлганлиги учун жойларда ўтказилаётган кўргазмаларда ёшлар томонидан қизиқиш катта бўлмоқда, – дейди Қозоғистон Фуқаро авиацияси академиясининг ишга қабул қилиш ва бандлик маркази раҳбари Бўтакўз Абилқосимова. – Бугунги кўргазмамиз ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди. Академияда яратилган шароит, ўқиш имкониятлари самарқандлик ёшларга маъқул келди. Айни пайтда ўқув юртимизда 3 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг 10 фоиздан ортиғини хорижлик талабалар ташкил этади. Бугунги кунда академиямизда фуқаро авиациясини ташкил этишда ўндан ортиқ бакалавриат мутахассислиги, уч мутахассислик бўйича магистратура ҳамда муҳандислик иши бўйича докторантурада ўқиш имконияти мавжуд. Бизда таҳсил олган мутахассисларга халқаро талабларга жавоб берадиган сертификатлар берилади.
Кўргазмада умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўз қизиқишларига мос олий таълим даргоҳлари ўқув дастурлари билан танишди.
– Туризм йўналишига қизиққаним учун ҳозир инглиз тилини чуқур ўрганяпман, – дейди Самарқанд шаҳридаги 32-умумтаълим мактаби ўқувчиси Алиасқар Ҳакимов. – Бугунги кўргазмада юртимиз ва хорижий мамлакатлардаги олий ўқув юртлари билан танишдим. Ахборот технологиялари йўналишидаги таълим дастурларига қизиқишим ортди. Бунда масофадан туриб ўқиш ва ишлаш имкониятининг мавжудлиги менга маъқул тушди. Энди ота-онам билан маслаҳатлашиб, мақсадни аниқ қилиб, шу асосда тайёргарликка киришаман.