Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Таниш манзаралар

Туғруқхонада

- Эна, мана, олинг, “суюнчи”, деб келса берасиз.

- Бериб қўйдим, болам, бердим.

- Пулингиз бормиди?

- Пул қайда, болам, ўзим ёпган сутли нон билан бултурги ғўлин ўрик туршагидан бердим. Келиним эсон-омон қутулиб олса, бир сиқим асраб қўйган сояки майизданам келтириб бераман.

- Соддасиз-да, энажон...

Болалар боғчасида

- Дугонажон, кўз тегмасин, ўғлингиз русчани аввалгидан анча тузук гапиряпти. Қўшимча тўгаракка бердингизми?

- Тарбиячисига байрамларда совға-саломни канда қилмаяпмиз. Ҳозирча натижа ёмон эмас.

Банкда

- Ҳали янгисиз, банкимизга кредит сўраб келган мижоздан пул сўраб қўйманг тағин. Огоҳлантириб қўйиш менинг бурчим: “подвадит” қилманг, дейман-да.

“Сизга кредит берилади-ю, фақат яна озгина муддат кутасиз, илож қанча”, десангиз, фаросатли, дангал тадбиркор мақсадга кўчади-қўяди. Кутиб юргандан кўра, нақди билан ишни битказадиганлар оз эмас. Улар харажатсиз ҳаракат нолга тенглигини да яхши билади...

Уйда

- Дада, сиз айтган институтда ўқимасамчи? Дизайнер бўлмоқчиман.

- Эй бола, кўзингни каттароқ оч, бу туришда косанг оқармай ўтиб кетасан. Мен ўқишингни гаплашиб қўйганман...

Кўчада

- Қоидани буздингиз, ука. Тақиқлаш белгисини кўриб турибсиз-ку!

- Командир, шошиб тургандим, узр, энди бошқа қайтарилмайди.

- Ҳужжатларни беринг, ёзмасам бўлмайди.

- Паспортни берсам етар, ҳамма “ҳужжат” ўша ерда...

- Қани, беринг-чи... Майли, бир сафар кечираман. Хавфсизлик камари тақилмаган, деб ёзиб бераман. Ёзмасам бўлмайди, ҳув анави ерда камера бор...

Талабалар ётоқхонасида

- “Иқтисод” сал инжиқроғ-у, ўқисанг, қўйиб беради. Олий математикадан дафтарларинг ҳамиша жойида бўлсин. Ҳар дарс битталаб текширади. Социологиядан иложи бўлса, “нб” туширма. Унданам астойдил ўқисанг, вазифаларини вақтида топширсанг, баҳо оласан. Ўртага таниш-билиш тиқиштирма яна. Баҳосиз қолиб кетасан-а!

- Кимёни айтмадингиз-ку?!

- Буни сессия пайти “староста”нинг ўзи айтади.

Хулоса

Ёдингизда бўлсин, “Чақмоқ қанча баландда чақнамасин, эгри бўлгани учун, албатта, ернинг қаърига борур. Шамки, тўғри, адилдир - куйса ҳам бошдан оёқ нур бўлиб куюр”. Сиз қай бирини танлайсиз: чақмоқдек баландликними ёки шам каби тўғриликни?

Наргиза ЮНУСОВА,

“Адолат” СДП фаоли.