Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Танқид остига олинган Самарқанд туманидаги мактаблар муаммоси ҳал бўлди(ми?)

Жорий йилнинг 16 августь куни “Zarnews” сайтида “Самарқанд туманидаги мактаб ерлари эгаллаб олиняпти: Тойлоқ мактаблари бундан мустасноми?” сарлавҳали мақола чоп этилганди. Ушбу танқидий мақолага Самарқанд тумани халқ таълими бўлими қуйидагича изоҳ берди:

“Мазкур мақолада “Янги мактабга ярашмаган эски парталар” сарлавҳаси остида тумандаги 26-умумий ўрта таълим мактабида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлса-да, янги парталар берилмаётганлиги боис эскиларини таъмирлаб, фойдаланиш мақсадида рангланаётганлиги таъкидлаб ўтилган.

Бугунги кунда 26-мактабда қурилиш таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди. Мактабга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 5 тўплам (75 дона) янги парталар келтирилди. Қолган 7 тўплам парталар инвестиция дастури асосида 1 октябрга қадар олиб келинади.

“Спорт зали қуриш мумкин бўлган мактаб ери тадбиркорга берилган”и юзасидан шуни маълум қиламизки, ҳақиқатдан ҳам 2009 йилда туман ҳокимининг қарори билан 0,02 га. ер майдони тикув цехи қуриш ҳамда мактаб ўқувчиларининг технология фани дарслари амалиётини ўтказиш мақсадида ажратилган бўлиб, ўқувчиларнинг ушбу цехга амалиёт ўтишларига шароитлар яратиш учун тўсиқ девор билан ўралмаган. Ушбу таълим муассасасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 29 январдаги 14/1-220 сонли топшириғига асосан "2020-2024 йилларда Самарқанд туманидаги умумтаълим мактабларига спорт заллари қурилиши бўйича манзилли рўйхати" асосида 2020 йилда 18x30 ўлчамдаги спорт зали қуриш учун таклиф берилган.

Мактаб ҳовлисида ободонлаштириш ишлари охирига етказилди, синфхоналар ва йўлакларда замонавий ёриткичлар ўрнатилди.

Мақолада таъкидланган “Ҳоким мактаб еридан уй қуришда нимани ўйлади?” масаласига келсак, тумандаги 53-мактаб ҳудудидан бир фуқаро учун ер ажратиб берилган ва деворлар кўтарилган. Ҳозирда тумандаги 53-мактаб ҳудудидан фуқарога уй қуриш учун ажратилган ер майдонида қурилиш ишлари тўхтатилган.

Самарқанд тумани халқ таълими бўлими.