Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Ташаббусли бюджет”: 498034 та овоз тўпланиб, 144 та таклиф ғолиб, деб топилди

Икки йилдирки, “Ташаббусли бюджет” бўйича ажратилаётган маблағлар ҳудудларда яшовчи аҳолининг энг долзарб муаммоларини ҳал этишга ёрдам бермоқда.

“Ташаббусли бюджет”нинг жорий йилги иккинчи босқичи учун туман ва шаҳар ҳокимликлари қошида ташкил этилган фуқаролар ташаббуси жамғармасига мазкур ҳудудларнинг тегишли бюджетларнинг тасдиқланган харажатларининг 5 фоизи ҳисобидан 78,4 миллиард сўм ҳамда биринчи чорак даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан 12,6 миллиард сўм, иккинчи чоракда эса 17,7 миллиард сўм, жами 108,7 миллиард сўм маблағ ажратилди.

- Ташаббусли бюджет жараёнининг иккинчи босқичида аҳоли томонидан 2888 та таклиф илгари сурилган бўлиб, ҳудудий ишчи комиссиялар томонидан 1991 та таклиф овоз бериш жараёнига ўтказилди, - дейди вилоят молия бош бошқармаси бўлим бошлиғи ўринбосари Шаҳзоджон Турсунтошев. - Овоз бериш жараёнида вилоятимизнинг 850 мингдан ортиқ фуқаролари иштирок этди. Бу биринчи босқичга қараганда икки баравар зиёд кўрсаткич ҳисобланади. Ташаббусли бюджет жараёнида 498034 та овоз тўпланиб, 144 та таклиф ғолиб, деб топилди.

Бунда, айниқса, Самарқанд шаҳри, Иштихон ва Нуробод туманлари аҳолиси анча фаол бўлди.

Жумладан, энг кўп 15115 та овоз Нуробод тумани Тим қишлоғидан Бунёдкор маҳалласигача бўлган 5 километрлик йўлни асфальт қилиш учун йиғилган бўлса, мазкур туманнинг Сазағон маҳалласи аҳли қишлоққа кириш йўлини таъмирлаш учун 14727 та овоз тўплаган.

Шунингдек, вилоят бўйича 19 та умумтаълим мактаби, 30 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 11 та боғча, 16 та маҳалла биноларини ҳамда 48 та ички йўл ва бошқалар ташаббусли бюджет асосида таъмирланади.

Ғолиб таклифлар жамғармада маблағлар етгунига қадар юқоридан пастга қараб саралаб олинади ва уларни молиялаштириш учун халқ депутатлари Кенгашлари томонидан манзилли дастурлар тайёрланади.