Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тиббий суғурта тизими иш бошлади: Имтиёзли даволанишга кимлар ҳақли?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда бошқа қарорлар асосида имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллашнинг электрон ахборот тизими бўйича фаолият олиб бориш мақсадида давлат тиббий суғурта жамғармаси ташкил этилди.

Ушбу жамғарма томонидан келгусида аҳолининг барча қатламларини кафолатланган пакет доирасида сифатли ва зарур тиббий ёрдам билан таъминлаш, тажриба-синов лойиҳаси доирасида давлат бюджетидан кафолатланган пакетни молиялаштириш мақсадида ажратиладиган маблағларни жамлаш, бошқариш, уларнинг мақсадли ва самарали сарфланишини ташкил этиш кўзда тутилган.

Тажриба-синов лойиҳасининг натижаларига кўра, давлат тиббий суғуртаси тизимини барча ҳудудларда босқичма-босқич жорий этиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

2023 йилдан бошлаб бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми энг аввало, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини ўз ичига олади ва суғуртада иштирок этиши ёки иштирок этмаслигидан қатъи назар , ҳар бир кишига бепул тақдим этилади.

Негаки, давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари ҳажми аҳолига Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўрсатиладиган бепул тиббий ёрдамдир.

Кафолатланган пакет давлат муассасаларида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган ташхис ва даволаш клиник стандартлари ҳамда клиник протоколларга мувофиқ амалга оширилади.

 Илк қадамлар

Вилоятимизда ушбу мақсадларни амалга ошириш мақсадида “Йўл харита” ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ, вилоятдаги барча давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари хатловдан ўтказилди. Муассасаларнинг кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизмат ҳажмларини кўрсата олиш имконияти, уларнинг моддий-техник базаси, зарур асбоб-ускуна ва тиббий жиҳозлар, малакали тиббиёт ходимлари билан таъминланганлиги, комьпютер жамланмалари ва техника воситалари билан таъминланганлик ҳолати тўлиқ ўрганиб чиқилди.

Жамғарма ҳудудий тиббиёт муассасаларини шартнома асосида молиялаштиришни бошлади. Ушбу мақсадда 2022 йилдан вилоятдаги 6 та муассасада давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан 4,5 миллиард сўмлик шартномалар имзоланди ҳамда шартномада белгиланган сумманинг 70 фоизи (3,1 миллиард сўм) муассасалар ҳисоб рақамларига кўчириб берилди.

 Имтиёзли даволанишга ҳақли фуқаролар

Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли тоифадаги шахслар рўйхати:

* болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар;

* чин етимлар;

* I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;

* 1941-1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар;

* ёшга оид пенсияга чиққан ишламайдиган шахслар;

* 1941-1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат жабҳасининг қатнашчилари;

* Чернобиль АЭС фалокатини тугатишда иштирок этган шахслар жумласига кирувчи ногиронлиги бўлган шахслар;

* байналмилалчи-жангчилар;

* “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилаларнинг аъзолари;

* Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича 18 ёшга тўлмаган патологияли болалар;

* чақирув комиссияларининг йўлланмалари бўйича чақирув ёшидаги (18-27 ёшдаги) шахслар;

* Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича патологияли ҳомиладор аёллар;

* Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича эндокрин касалликларига чалинган беморлар;

* Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича жинсий йўл билан юқтириладиган касалликларга чалинган шахслар;

* Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича сил касаллигига чалинган шахслар;

* Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича, онкологик касалликларга чалинган шахслар.

Қанча бемор ҳозиргача имтиёзли даволанди?

Бугунги кунга қадар жамғарма билан шартнома имзолаган вилоятдаги муассасаларда 163 нафар бемор имтиёзли даволанди. Жумладан, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида 23 нафар (56,2 миллион сўм), вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 7 нафар (76,05 миллион сўм), вилоят кўз касалликлари шифохонасида 23 нафар (44,1 миллион сўм), республика ихтисослашган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят бўлимида 10 нафар (95,1 миллион сўм), республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят бўлимида 100 нафар (1 миллиард 680 миллион сўм) бемор имтиёзли даволаниб чиқди.

Даврон Раззоқов,

Давлат тиббий суғурта жамғармаси вилоят бўлими масъули.