Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида вазият барқарорлашгани маълум қилинди

Бугун 28 январь куни эрталаб Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари матбуот маркази расмий баёнот бериб, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегарасидаги вазият Тожикистоннинг Сўғд вилояти раҳбари ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти губернатори ўртасидаги музокаралардан сўнг барқарорлашганини маълум қилди.

Аввал хабар қилинишича, кечаси тахминан соат 18:40 да Ўш-Боткен трассасида Тожикистоннинг Сомоний ва Хожи Ало қишлоқлари ҳудудида тожик-қирғиз чегарасида тожик ва қирғиз чегарачилари ўртасида қуролли тўқнашув келиб чиқди. Натижада 2 киши ҳалок бўлган, 10 киши (олти нафар ҳарбий ва тўрт нафар тинч аҳоли) жароҳатланган.

Отишмага Боткен-Исфана автомобиль йўлининг бир қисмида икки давлат аҳолиси ўртасида келиб чиққан можаро сабаб бўлган. Вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга уриниш муваффақиятсизликка учраган ва икки томон чегарачилари қурол ишлатган. Қирғизистон томони можаро ҳудудидан аҳолининг бир қисмини эвакуация қилишга мажбур бўлган.

Можаро томонлари ўртасидаги музокаралар бугун ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ва чегарадош вилоятлар раислари иштирокида давом этди.

Икки томонлама тегишли тузилмалар қўшма комиссияси чегарадаги можаро сабабини ўрганмоқда, чегара хизмати вазиятни назорат қилмокда.