Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Тошкент-66" фильми суратга олинади

Москвада ўтказилаётган “Ўзбек киноси кунлари” доирасида Россия ва Ўзбекистон вакиллари кинематография соҳасида 5 та ҳамкорлик меморандумини имзолади.

Хусусан, "Марс Медиа" кино компанияси раҳбари Рубен Дишдишян ва "Ўзбеккино" миллий агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов "Тошкент-66" фильмини суратга олишни келишиб олди. Шунингдек, "Megogo" ва "Ўзбеккино" ҳамкорлигида “Хўжа Насриддин" фильми суратга олинадиган бўлди.

ТАСС агентлигига берган интервьюсида Юсуф Розиқов режиссёр ва сценарист Рауф Кубаев билан "Тошкент-66" фильмига сценарий ёзишни бошламоқчи эканлигини таъкидлади.

"Тошкентда даҳшатли зилзила бўлганида биз ёш эдик. Ушбу фильм орқали табиий офатни эмас, балки содир бўлган воқеалар ва ҳаётимиздаги ўзгаришларни кўрсатмоқчимиз", деди режиссёр Ю.Розиқов.

Эслатиб ўтамиз, 5 октябргача давом этадиган “Ўзбек киноси кунлари” доирасида ўзбек киноижодкорлари томонидан суратга олинган 14 та киноасар: 10 та бадиий ва 4 та ҳужжатли фильмлар намойиши этилади.

Фильмлар рўйхати:
1. “Сабот” (режиссёр Рашид Маликов)
2. “Сарвиқомат дилбарим” (режиссёр Сарвар Каримов)
3. “Иссиқ нон” (режиссёр Умид Ҳамдамов)
4. “Берлин-Оққўрғон” (режиссёр Зулфиқор Мусоқов)
5. “Ҳаёт” (режиссёр Ҳилол Насимов)
6. “Элпарвар” (режиссёр Абдувоҳид Ғаниев)
7. “Тинчлик ортида” (режиссёр Акбар Бектурдиев)
8. “Абдуллажон” (режиссёр Зулфиқор Мусоқов)
9. “Сариқ девни миниб” (режиссёр Сарвар Каримов)
10. “Ойқиз эртаги” (режиссёр Акбар Бектурдиев)
11. “Рақс жозибаси”
12. “Авиценна”
13. “Ягона осмон остида”
14. “Самарқанд - қадимий шарқ дурдонаси”.

Барно ЎНГБОЕВА,
“Ўзбеккино” миллий агентлиги матбуот котиби.