Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тошкент, Нукус, Урганч, Жиззах шаҳарларида VII Европа киноси фестивали бўлиб ўтади

Жорий йилнинг 11 октябридан 10 ноябригача Тошкент, Нукус, Урганч ва Жиззах шаҳарларида “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциасиясининг (ЭОАВМА) ҳамкорлигида VII  Европа киноси фестивали ўтказилади.

Фестиваль дастурида катта экранларда Европанинг етакчи режиссёрлари томонидан яратилган фильмлар намойиш этилиши кўзда тутилган.

Фильмлар 11-18 октябрь кунлари Тошкентдаги ЭОАВМА “Медиа-холл” биносида, 24-26 октябрь кунлари Нукус шаҳрида, 1-3 ноябрь кунлари Урганч шаҳрида, 8-10 ноябрь кунлари Жиззах шаҳри кинотеатрларида намойиш этилиши белгиланган.

Фестиваль доирасида Европанинг 12 мамлакати: Австрия, Бельгия, Болгария, Венгрия, Германия, Дания, Италия, Латвия, Голландия, Финляндия, Франция ва Швециянинг таниқли режиссёрлари томонидан яратилган 10 та фильм томошабинларга тақдим этилади.

Булар: “Беьлгияликлар қироли” комедия жанрида суратга олинган драма, “Қишдаги Луиза” анимацион фильми, “Стефан Цвейг: Европа билан хайрлашув” ҳужжатли фильми, “Имтиҳон” ва “Кичик фермер” драмалари, “Ҳомо сапиенс” фильми, “Узоқдаги кучуклар ҳайқириғи” ҳужжатли фильми, “Чямбра” драмаси, “Ҳаётдаги энг бахтли кун” номли қувноқ ҳужжатли фильмлар ва “Жаннат 89” бадиий фильмларидир.

Барча фильмлар рус ва ўзбек тилларидаги субтитрлар ёрдамида намойиш этилади.

Киносеансларга кириш – бепул.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги ахборот хизмати.