Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Тошкент-Волгоград” поездида ўзбекистонлик йўловчи юрак хуружидан вафот этган

Айрим ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган “жорий йилнинг 7 сентябрь куни «Аксарайский» (Россия) назорат-ўтказиш пунктидаги чегара текшируви пайтида поездда вафот этган йўловчи топилди” деган хабарга “O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi” АЖ маъмурияти изоҳ берди.

2019 йилнинг 7 сентябрь куни Россиянинг Астрахан вилояти ҳудудида ҳаракатланаётган 323-сонли поезднинг 13-вагонида кетаётган, жорий йил 5 сентябрь куни Нукусдан Волгоградга бориш учун йўлга чиққан Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида яшовчи 52 ёшли А.Г. исмли йўловчи ўзини ёмон ҳис қилган ва тоби қочган. Вагон кузатувчилари дарҳол тез тиббий ёрдам чақиришган. Поезд «Аксарайский» (Россия) назорат-ўтказиш пунктига етиб келганда йўловчининг аҳволи оғирлашган ва вафот этган.

Вагон кузатувчилари ҳамда йўловчиларнинг сўзларига қараганда, йўл давомида ҳеч қандай зўравонлик ёки қасддан зарар етказиш ҳолатлари кузатилмаган. Чегара пунктига келган шифокорларнинг маълумотига кўра, А.Г.нинг вафотига унинг юрак хуружи сабаб бўлган.

“O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi” АЖ маъмурияти марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган.