Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тўйда тартиб бўлади(ми?)

Тўйга неча кишини айтиш менинг шахсий ишим, дейдиганлар адашади. Республика миқёсида тўй қилганларнинг 7-8 фоизи дабдабага йўл қўйган ҳолда қолган аҳолининг нафсониятига тегиши қайси мезонларга тўғри келади? Миллий валютамизни пойандоз қилиб сочиш, ундан гулчамбар ясаш, ўн киши ўтирган столга 20 кишилик егулик қўйиш, турли қимматбаҳо сарполар, пойтахтдан фалон пулга санъаткор чақириш - бизнинг маънавиятимиз шу даражага келиб қолдими?

Самарқандда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида яқинда қабул қилинган ҳужжат ва унинг моҳияти юзасидан ўтказилган йиғилишда маҳалла фаоллари, тўйхона эгалари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Г.Алимова, вилоят ҳокими ўринбосари Р.Қобилов, Самарқанд шаҳар ҳокими в.б. Б.Облоқулов ушбу масала бўйича фикрларини билдирди.

- Тўй масаласини тартибга солиш бўйича аҳолидан минглаб мурожаатлар келиб тушди, - дейди Г.Алимова. – Уларнинг аксарияти қачон бу дабдабаларга чек қўйилади, нега бу маросимларни тартибга солиш, қонунийлаштириш пайсалга солинаяпти каби саволлардан иборат эди. Озчилик ҳашамга берилувчилар учун минглаб юртдошларимиз азият чекаётгани ҳолда қандай қилиб тўйни шахсий тадбир деб аташимиз мумкин? Умуман, ҳозир битта идора анжуман ўтказмоқчи бўлса, кўплаб ташкилотларнинг рухсатини олиши керак. Минглаб киши иштирок этаётган тўйдаги нохуш ҳолатларга ким жавобгар? Қарорда шу масалалар аниқ белгиланди ва 2020 йилнинг 1 январидан кучга киради.

Гулруҳ МЎМИНОВА.