Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тойлоқдаги мактабда ўқувчилар ўртасида юз берган ҳолат ортидан мактаб директори, ўринбосари ва психолог ишдан кетди

Самарқанддаги мактабда ўқувчи иккинчи ўқувчининг кўзига жароҳат етказгани учун директор ўринбосари калтаклангани ҳақида хабар қилинган эди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан қўшимча маълумот тақдим этди.

Маълум қилинишича, ушбу ҳолат Тойлоқ туман халқ таълими бўлими томонидан ўрганилган.

Тумандаги 6-умумтаълим мактабида жорий йилнинг 17 ноябрь куни дарс жадвалига асосан,1-соат 9-”А” синфида она тили дарси бўлган. Она тили фани ўқитувчиси Д.Ғ. 1-соат дарсда бўлса-да, география ўқитувчиси М.Х. оиласида марака борлиги учун илтимос қилиб, ўзаро келишувга кўра, 2 та синфда (9-"А" ва 9-"Б" синфида) параллель равишда дарс ўтган. Соат 8:25 да 9-"Б" синфида география дарсини ўтаётган ўқитувчи M.X. воқеа содир бўлган пайт 9-"А" синфига топшириқ бераётган бўлган. Назоратсиз қолган 9-"Б" синф ўқувчилари М.Д. синфдоши Ш.Ш.гa ручкасини узатаётган пайтда (отиб юборган) тасодифан синфдоши X.Н.нинг кўзига тегиб кетиб жароҳатлаган. Шу пайтда мактаб ҳамшираси ва мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари жабрланувчи ўқувчини тез ёрдам келишини кутмасдан йўл машинасида Тойлоқ туман тиббиёт бўлимига олиб боради ва ўқувчининг ота-онасига хабар беради.

Тойлоқ туман тиббиёт бўлими тез ёрдам бўлинмасида беморга зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатилиб, вилоят шифохонасига юборилган ва жарроҳлик амалиёти ўтказилган.

Жабрланувчининг онаси жорий йилнинг 24 ноябрь куни эрталаб соат тахминан 9:10 лар атрофида мактабга келиб маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарининг сочидан тортиб, дўппослаб урган. Таъкидланишича, жабр кўрган қизнинг онаси содир бўлган ҳодиса ҳақида директор ўринбосари унга ўз вақтида хабар қилмаганлигини иддао қилган.

Ушбу ҳолат юзасидан олиб борилган ўрганишлар натижасига кўра, мактабда дарс пайтида ўқувчиларнинг назоратсиз қолдирилганлиги ва ўқитувчиларнинг ўзаро дарс алмашишига имкон яратилганлиги учун 6–умумтаълим мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари ҳамда мактаб амалиётчи психологи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Шунингдек, мазкур мактаб директори Р.Д. ўз аризасига кўра, лавозимидан озод этилган.