Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тойлоқлик фуқаро ноқонуний қурган молхонасини ўзи бузяпти

Жорий йилнинг 3 март куни Zarnews.uz телеграм каналида “Тойлоқ тумани ҳокимлиги, қурилиш бўлими ҳамда йўллардан фойдаланиш корхонаси мутасаддилари эътиборига” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Унда Тойлоқ туманининг Зарафшон маҳалласи, Мирзаполвон қишлоғи кўчасида фуқаро ноқонуний молхона қуриб олгани, ўзбошимчалик билан қурилган ушбу иншоот кўча йўлида ҳаракатланишда ноқулайликлар туғдираётгани, бу ҳолат аҳоли, айниқса, мактабга қатновчи ўқувчилар учун пиёдалар йўлаги барпо этиш ишларига ҳам тўсқинлик қилаётгани танқид остига олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилганда, чиндан ҳам Мирзаполвон қишлоғида яшовчи фуқаро Қ.Ҳ. аҳоли пунктларини комплекс қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига зид ҳолда, ўзбошимчалик билан умумий фойдаланишдаги маҳаллий йўл ҳудудидан ўлчами 45 метр квадрат майдонда, ноқонуний равишда молхона биноси қуриб олган. Мазкур бинони ўз ихтиёри билан бузиш учун фуқаро Қ.Ҳ.га 15 кун муддат берилди ва белгиланган муддатда бино бузилмаса, тегишли тартибда чора кўриш мақсадида ФИБ Тойлоқ туманлараро судига даъво ариза киритилиши бўйича огоҳлантирилганди.

Фуқаро Қ.Ҳ. хўжалигидаги қорамолларни сақлаш учун бошқа жойи йўқлигини, кунлар исиши билан ўзбошимчалик билан қурилган молхона биносини ўз ихтиёри билан бузишини оғзаки маълум қилган эди.

Айни пайтда фуқаро Қ.Ҳ. мазкур бинони ўз ҳисобидан бузиш ишларини амалга оширмоқда.

Тойлоқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.