Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси: Туман, шаҳар ҳокимларини депутатлар сайлайди

Амалдаги қонунчиликка кўра, туман, шаҳар ҳокимлари вилоят, Тошкент шаҳар ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади. Қарорлар тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Энди ҳоким лавозимига номзод илгари сурилиши тартиби қайта кўриб чиқилади.

Янги тартиб жорий қилинса, ҳокимликка номзод маҳаллий Кенгашда ҳудудни ривожлантириш бўйича ўз дастурини ҳимоя қилади. Бу борада жорий йилнинг март ойигача тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Мазкур масала айни пайтда жамоатчилик муҳокамасида бўлган Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган.

Лойиҳага кўра, энди маҳаллий ҳокимликларнинг ҳар бир вазифа ижроси, сарфланаётган маблағлар юзасидан жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлиги оширилади.

Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар ҳамда ҳокимларнинг ваколатларини аниқ белгилаш назарда тутилмоқда. Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларида камида 2-3 нафар депутат доимий асосда ишлайдиган тартиб жорий этилади.

Ичимлик ва оқова сув, ички йўллар, бошқа инфратузилма объектларини қуриш дастурларини тасдиқлаш ҳам халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари ваколатига ўтказилади.

Умуман, мазкур тартиб жорий этилса фуқароларнинг жамият ҳаёти ва бошқаришдаги иштироки учун кенг имкониятлар яратилади. Мисол учун, фуқаролар давлат органларига видеоалоқа орқали мурожаат қилиши мумкин бўлади. Бунда махсус платформа яратилиб, Халқ қабулхоналарининг маҳаллалар билан самарали алоқалари йўлга қўйилади.

Келгусида фуқароларнинг камида учдан бир қисми ташаббуси билан маҳалла раисига нисбатан ишончсизлик билдириш тартиби жорий этилади.

Яна бир янгилик, маҳаллалар томонидан ҳал қилинадиган ижтимоий-иқтисодий масалаларнинг рўйхатини тузиш амалиётини йўлга қўйилишидир. Бунинг учун маҳалланинг алоҳида жамғармасини ташкил этиш ва уни шакллантириш манбаларини белгилаш чоралари кўриляпти.